Сўнгги йилларда банк тизимидаги жадал рақамлаштириш сабаб хизматлар кенгайяпти, жараёнлар соддалашиб, истеъмолчилар учун қулайликлар ошиб боряпти.
Бозорга хусусий рақамли банкларнинг кириб келиши рақамлаштириш соҳасида рақобат муҳитини кучайтирди. Бундай шароитда давлат банклари ҳам фаоллик кўрсата бошлади, хусусан Халқ банкининг бу борадаги ташаббуслари алоҳида кўзга ташланмоқда.
Банкнинг “xazna” иловаси обуначиларининг 10 миллиондан ошгани унинг амалда талабга жавоб бераётган функционаллиги натижаси дейиш мумкин.
Охирги муҳим янгиликлардан бири — Халқ банкининг “xazna” иловаси орқали Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб автокредитни онлайн расмийлаштиришни йўлга қўйилганидир. Бу банк хизматларини соддалаштириш ва мижозлар учун янги имкониятлар яратишга қаратилган қадамдир.
Банклар ҳозиргача асосан микроқарзларни онлайн ажратиб келган бўлса, автокредитларнинг рақамли форматга ўтиши чакана бозордаги мавжуд рақобатнинг янада кучайишига сабаб бўлади.
Бошланган ишларнинг мантиқий якуни сифатида келгусида ипотека кредитини ҳам онлайн ажратилишининг йўлга қўйилиши истеъмолчиларга банкларга бормасдан кредит расмийлаштириш имкониятини беради.