Корпоратив кредитлаш яна сусайган
Ноябрь ойида банкларнинг кредит қўйилмалари атига 2,5 трлн.сўмга ўсган ва 595,3 трлн.сўмга етган. Бунда чакана кредитлар қолдиғи 3,4 трлн.сўмга ўсган бўлса, корпоратив кредитлаш қолдиғи қарийб 1,0 трлн.сўмга қисқарган.
Банкларнинг асосий маҳсулоти микроқарзлар (+2,4 трлн.сўм) ва ипотека (+1,2 трлн.сўм) бўлиб қолмоқда.
Кредитлаш анча устлашган ойда Халқ банки (+597 млрд.сўм), Инфинбанк (+507 млрд.сўм) ва Алоқабанк (+490 млрд.сўм) кредит қўйилмаларини фаол ўстира олишган.
Йил якунига қараб бонкалар муаммоли кредитларни тозалашни тезлаштиришган. Ой давомида муаммоли кредитлар қолдиғи 1,8 трлн.сўмга, 22,4 трлн.сўмгача қисқарган (NPL улуши 3,5%га тушган).
Миллий банк (-825 млрд.сўм), Ипотекабанк (-485 млрд.сўм) ва Ўзсаноатқурилишбанк (-231 млрд.сўм) муаммоли кредитларни энг кўп қисқартира олишган.
Захираларни кескин ўсаётганига қараганда муаммоли кредитлар асосан захиралар ҳисобидан ҳисобдан чиқарилишда давом этади ("списание"). Ўзбекистонда ҳисобдан чиқарилган кредитлар ва фоизлар бўйича маълумотлар ҳалигача очиқланмайди (ҳар йили триллионлаб кредит ва фоизлар ҳисобдан чиқарилади). Мазкур маълумотларнинг очиқланиши охирги 9 йилдаги имтиёзли ва маъмурий кредитлаш сиёсати нақадар зарарли ва мудҳиш хато бўлганини нақадар кенг оммага, тепадагиларга ҳам яққол намойиш этган бўларди.