Ижтимоий Қирғизистонда ўқитувчи ва дўхтирлар маоши 2 карра ошади
Қўшни қардош Қирғизистонда ўқитувчи ва шифокорларнинг обрўси ва жамиятдаги ўрнини кўтариш нафақат сўз ва шиорларда, амалда ҳам давлат сиёсатига айланмоқда.
Президент Садир Жапаровнинг Халқ қурултойида қилган чиқишида 2026 йил 1 апрелдан бошлаб, ўқитувчи ва шифокорларнинг маошини 100%га, яъни 2 карра ошириш эълон қилинди.
Ҳозирда Қирғизистон ўқитувчилари Ўзбекистондаги ўқитувчилардан сал камроқ, ўртача 26 минг сом ёки 3,6 млн сўм маош олишади. (Ўзбекистонда 4,1 млн.сўм, ўзбек сўмининг қадри ошгани ва августдаги индексация ҳисобига бу йил қўшнилардан ўтиб олгандик, 2024 йилда ортда бўлганмиз). Лекин 1 апрелдан бошлаб, Қирғизистон ўқитувчилари ўртача 52 минг сом ёки 7,2 млн.сўм маош олишади. Бу Ўзбекистондаги ҳамкасблари маошидан 75% кўп дегани.
Айтиш керакки, Қирғиз Республикасида дўхтирларнинг ўртача маоши Ўзбекистон дўхтирлариникидан охирги йилларда юқори бўлиб келган. Ҳозирда қирғиз шифокори ўртача 31,5 минг сом ёки 4,3 млн.сўм маош олади, Ўзбекистонлик шифокор эса ўртача 3,8 млн.сўм маош олади. Қирғиз дўхтирларининг маоши 2026 йилдан бошлаб бизнинг пулга камида 8,6 млн.сўмга етади ёки Ўзбекистонлик дўхтирлариникидан 2,3 карра кўп бўлади. Эҳтимолки, энди ўзбекистонлик дўхтирларнинг ҳам боғбон, деҳқон ва қурувчилар сингари Қирғизистонга бориб ишлашини кўришимиз мумкин бўлади.
Ҳа, албатта кимдир айтиши мумкин, 2026 йилда Қирғизистонда Президент сайловлари бўлади (эҳтимолки муддатидан олдин), шунга маошлар оширилаяпти деб. Лекин тан олиб айтиш лозимки, Қирғизистонда кузатилаётган юқори иқтисодий ўсишдан ҳозирча кенг халқ қатламлари, айниқса ижтимоий тоифалар баҳраманд бўлишмоқда. Қўшнилар учун хурсанд бўламиз.
- https://www.youtube.com/watch?v=X5jox5qSLNsyoutube.com
- https://stat.uz/img/press-relizlar/ish-haqi--uz-24_10_p18363.pdfstat.uz
- https://t.me/the_bakiroo/8991@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10394@the_bakiroo