“ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳаммасига махсус QR-код шакллантириш мажбурияти юклатилган”
Солиқ қўмитаси ўтказган онлайн семинарда фақат юридик шахсларга хизмат кўрсатувчи ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар Paynet (Xolis) очиши шартми саволига (37:30 дақиқадан кўринг) қўмита вакили “ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар ҳаммасига рақамли платформани QR кодларини ўзида шакллантириш мажбурияти юклатилган, яъни улар платформадан (Paynet) рўйхатдан ўтиши ва QR кодни шакллантириши керак” дея жавоб берган.
Маълумот учун, 12.08.2025 йилдаги 247- сонли қарорнинг 7 а) бандига кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларда рақамли платформаларда генерация қилинган электрон тўловларни қабул қилувчи махсус QR код мавжуд бўлиши чакана савдо қоидаларининг мажбурий талаби этиб белгиланган.
Ҳукумат қарори билан белгиланган қоидаларга кўра, чакана савдо — савдо соҳасида якуний истеъмол учун ундан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига товарларни доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда (сонда) нақд пулга ёки банк пластик карталари (корпоратив банк картаси бундан мустасно) ёхуд контактсиз онлайн тўлов тизимлари орқали сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш ҳисобланади.
Адлия вазирлиги Ўзбекистон қонунчилигидан келиб чиқиб, юқоридаги саволга аниқ ҳуқуқий баҳосини ва талқинини берса бўларди.