Деҳқон ва томорқа хўжаликларида гўшт етиштириш камайган
Гўшт нархи 26,8%гача қимматлаган 2025 йилда деҳқон ва томорқа хўжаликларида гўшт етиштириш 1,9%га камайган. Солиштириш учун, 2024 йилда деҳқон ва томорқа хўжаликларида гўшт етиштириш 4.1%га ошган эди.
Деҳқон ва томорқа хўжаликлари Ўзбекистонда гўшт етиштирувчи ва чорва боқувчи асосий субъектлар ҳисобланади. Ўзбекистонда етиштириладиган 80%дан зиёд гўшт, 90% қорамол, 75%дан кўп қўй-эчки айнан деҳқон ва томорқа хўжаликларига тўғри келади.
Ўзи умуман 2025 йил деҳқон ва томорқа хўжаликлари учун жуда оғир келган. Ўтган йили деҳқон ва томорқа хўжаликларида сабзавотлар (-5,7%), мева ва резаворлар (-0,2%), сут (-0,8%) етиштириш қисқариб кетган.
Ўзбекистонда қатор қишлоқ хўжалиги соҳалар, хусусан гўшт етиштириш расман деҳқон ва томорқа хўжалиги дейиладиган натурал хўжаликларга боғлиқ бўлиб қолган. Ресурслари чекланган натурал хўжалик муҳитида гўшт таннархи арзонлашмайди, меҳнат, энергия ва вақт сарфи ўта юқорилигича қолади, лекин ишлаб чиқариш кенгаймайди.