Аҳолини рўйхатга олиш якунланди
Бу жараён икки босқичда ўтди ва тўлиқ рақамли форматда ташкил этилди.
15–31 январь кунлари онлайн босқич бўлди. 17 кун ичида 30 миллиондан ортиқ фуқаро мустақил равишда рўйхатдан ўтди. Жами хонадонларнинг 82,3 фоизи шу босқичда қатнашди. Бу албатта кичкина рақамлар эмас. Кўпчилик “барибир кимдир келади” деб ўтирмади. Ўзи қатнашди.
4–28 февраль кунлари эса уйма-уй босқич ўтказилди. Маҳалла вакиллари планшет орқали маълумотларни тўғридан-тўғри электрон базага киритди. Такрорий ёзувлар тизим томонидан автоматик равишда чиқариб ташланди. Яъни бу сафар жараён анча тартибли ташкил қилинганини кўриш мумкин.
Натижада республика бўйича 8,3 миллионта хонадон тўлиқ қамраб олинди. Янги қурилган уй-жойлар ҳам аниқланди.
Табиийки, турли сабабларга кўра жараёнда иштирок эта олмаган фуқаролар бўлиши мумкин. Улар 1851 қисқа рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.
Ҳозир маълумотлар текширилмоқда ва ягона базага жамланмоқда.
Дастлабки натижалар 2026 йил 1 июлигача, якуний натижалар 2027 йил 1 июлигача эълон қилинади.
Энг муҳими, бу сафар одамлар бефарқ қолмади. Шунинг ўзи катта ўзгариш.