Инфратузилма тўловлари ҳисобидан қўшимча жамоат парклари режалаштирилмоқда
Ҳукумат қарорига кўра, пойтахт Тошкентнинг танланган ҳудудларида инфратузилма тўловлари ва бошқа ажратмалар ҳисобидан қўшимча яшил ҳудудлар, яъни жамоат парклари очилиши кутилмоқда.
Янги қурилиш ва инвестиция лойиҳалари орқали шаклланадиган инфратузилма тўловлари нафақат муҳандислик тармоқларини янгилашга, балки жамоат фойдаланиши учун яшил зоналар яратишга ҳам йўналтирилади.
Бу ёндашув бюджет юкини тўлиқ давлат маблағлари зиммасига юкламасдан, шаҳар ҳудудларида қўшимча қиймат яратаётган лойиҳалар ҳисобига жамоат инфратузилмасини кенгайтириш имконини беради. Натижада, хусусий инвестиция ва жамоат манфаати ўртасида муайян мувозанат шаклланиши мумкин.
Жамоат парклари экологик муҳитни яхшилабгина қолмасдан, шаҳар ер ресурсларидан самарали фойдаланишга ҳам ҳисса қўшади. Ер қиймати ошиб бораётган бир пайтда, унинг маълум қисми жамоат фойдаланиши учун ажратилаётгани узоқ муддатга ижтимоий самарадан ташқари мавжуд ва янги инфратузилмага ҳам қўшимча қиймат беради.
Шу билан бирга, бу механизмнинг самарадорлиги инфратузилма тўловларини ҳисоблаш, тақсимлаш ва мақсадли сарфлаш жараёнларининг шаффофлигига ҳам боғлиқ. Агар жараёнлар аниқ ва очиқ тартибга солинса, янги жамоат парклари барпо қилиниши шаҳар муҳитини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши мумкин.