Қолган бюджет ҳам халқники: Чиқинди қутиларига 3 млрд.сўм, бута ва гулларга 15 млрд.сўм
Варламовнинг Тошкент бўйича охирги чиқишида шаҳардаги чиқинди қутилари масаласи ҳам алоҳида кўтарилган. Турлича шакл, ҳажм ва рангларда тайёрланган, бир биридан кескин фарқланадиган чиқинди қутиларида, масалан, ҳаттоки чиқиндиларни ажратиб йиғиш механизми ҳам пала партиш эканига эътибор қилинган. Масалан, мамлакатнинг энг бош майдонига айлантирилаётган Янги Ўзбекистон боғида 10 метр радиусда уч хил чиқинди қутиси қўйилганига ҳажв билан қутилар кўргазмаси дея махсус тўхталинган.
Бой Тошкентда чиқинди қутилари алоҳида харажат моддасига ва яхшигина бизнесга айланганини бюджетни тақсимлаётган Кенгашнинг қарор кўрсатиб турипти.
Демак, 2023 йил бюджети қўшимча тушумларидан 3 млрд.сўм бекатлардаги чиқинди қутилари ўрнатиш учун сарфланади. Буюртмачи ким, ким таъминотчи, номаълум.
Бундан ташқари яна эътибор қаратадиган харажатлардан:
Спорт жамоаларига 10 млрд.сўм. Айнан қайси жамоаларга ўтказилиши номаълум.
Дарахт, гул ва буталарга 15 млрд.сўм.
Қабристонларни ободонлаштиришга 15 млрд.сўм. Қайсилари экани ва пудратчилар кимлиги номаълум.
7та марказий кўчани таъмирлашга 40,1 млрд.сўм. Ўзбек чиновниклари марказий кўчаларни жуда яхши кўришади ва йилига 2 марта таъмирлаб пул ўзлаштиришади.
Олмазор туманини ривожлантиришга 88,8 млрд.сўм. Ичи ва мундарижаси ёпиқ.
Бу харажатларнинг биронтасини "ичи очилмаган". Яъни юмалоқ ёстиқ. Қопқоғи ёпиқ. Табиийки, жамоатчилик асосида назорат қилиш, сўроққа тутиш ҳам имконсиз.
Айтайлик, ўша чиқинди қутиларининг буюртмачиси, таъминотчиси, сони, бир донасининг нархи, жойлаштируви бўйича маълумотлар очилса, табиийки, жуда ўнғайсиз саволлар кўндаланг бўлади.
Ёки таъмирланадиган Қабристонларнинг манзилли маълумоти очиқланилса, халқнинг ўзи бориб, кўриб, биргаликда сўров назоратини ташкил этади.
Нега очиқланмайди унда? Чунки ўзбек чиновниклари бюджет харажатларини халқнинг ўзи назорат қилишини, сифатини сўраб олишини истамайди. Агар бундай истак бўлганида, қолган бюджетнинг сифатиям "Open Budget" лойиҳаларики сингари бўларди.