Сайланмаганлар бюджет тақсимламоқда: Гулларга 15 миллиард сўм, дафтарга киритилганларга 1,8 млрд.сўм
Ҳеч ким сайламаган ҳокимлар ва уларнинг дўстлари, югурдаклари, шотирлари ва бизнес шерикларидан иборат кенгашларнинг бюджет маблағларини қандай тақсимлаётганини кузатиб, фақат ҳайратланиш мумкин.
Демак, Тошкент шаҳар кенгаши бюджет тақсимлашда давом этмоқда. Дарров "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилганлар учун ажратилган маблағларга эътибор тушади. Ахир бу ҳукумат ва бу ҳокимият доим ўзини камбағаллар ҳомийсидек тутадику. Балки шундандир, Тошкент шаҳар ҳокимияти Нукус шаҳридаги дафтарга киритилган 1000 нафар аҳолининг пойтахтга саёҳатини ташкил этиши учун 1,8 млрд.сўм пул ажратмоқда. Зўр, ажойиб иш. Лекин жон бошига 1,8 сўмдан пулни нукуслик кам таъминланганларга пул кўринишида берилса, янада афзал бўларди. Чунки одамларга, айниқса камбағалларга энг сифатли ва манзилли ёрдам бу пул кўринишида амалга оширилади. Танловсиз тиқиштириладиган хизмат ё товар кўринишида эмас. Ўша 1,8 млн.сўмни нукуслик муҳтожлар истаса сафарга сарфласин, истаса, мана қиш келаяпти, кўмир, ўтин ғамласин, истаса, озиқ-овқат жамғарсин.
Ўзбек чиновниклари камбағалларни яхши кўрар, лекин гулларни камбағаллардан ҳам кўпроқ яхши кўришади. Шунинг учундир, балки доим улар гулларга кўпроқ меҳрибон ва каррасига кўпроқ пул ажратишади. Бу сафар манзарали гуллар, дарахтлар ва буталар сотиб олишга ушбу қарор билан яна 15 млрд.сўм йўналтирилмоқда.
Ўзбек чиновниклари камбағалларни, гулларни ва албатта ўзларини жуда яхши кўришади. Фуқаролар ва бизнес билан муносабатларда улар исталганча қонунларни бузишлари мумкин. Чунки мабодо жарима ёки зарар тан олинса ҳам, буни ўзбек чиновниги эмас, бюджет тўлайди. Яъни ўзбек чиновниги ўзбек фуқаросига етказган зарарларни барибир ўзбек фуқароси тўлайди. Олийҳиммат Тошкент ҳокимияти бу мақсадлар учун 2,9 млрд.сўм ажратипти. Бу ҳокимни яхши кўрмай бўладими?
Харажатларни санашда давом этамиз. Балки сизга яна қизиқ тарафлари чиқиб қолар.
Шаҳардаги поликлиникалар учун 600 та принтер сотиб олишга 1,8 млрд.сўм (донаси 3 млн.сўмдан). Маркаси кўрсатилмаган.
950 та НР моноблоки сотиб олиш учун 6,5 млрд.сўм. Донаси 6,84 млн.сўмдан. Маркаси кўрсатилмаган.
4 та ихтисослаштирилган марказлар учун тиббий асбоб ускуналар сортиб олишга 26,7 млрд.сўм. Русуми ва маркаси кўрсатилмаган.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖга Чекланган тарифлар бўйича йўловчиларни ташиш хизматларини кўрсатиш муносабати билан шаҳар йўловчи ташиш транспорти ташувчилари кўрадиган зарарлардан ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни қоплаш харажатлари учун 20 млрд.сўм;
Метрода видео кузатув мосламалари ўрнатиш учун 5,2 млрд.сўм.
Шоштепа ёдгорлигини консервациялашга 16,2 млрд.сўм. Бу иш билан бегона бўлмаган "Discover invest" МЧЖ шуғулланади. Бунинг учун МЧЖ махсус лицензияни ҳам қўлга киритган.
Тошкентдаги 10та ёдгорлик реставрацияси учун 19,5 млрд.сўм. Буям бегона бўлмаса керак, ахир лицензияси бор корхонамиз тайин бўлса. Дарвоқе, Маданий мерос агентлиги тарафидан 2022 йилда таъмирлаш, асраш билан боғлиқ объектлар рўйхатига Тошкент шаҳридаги ёдгорликлар киритилмаган.
Қарор ҳар эҳтимолга қарши сканерлаб олинган ва сақлаб қўйилган.