Тошкент витринами ё қора ўпқон?
Ўзбекистоннинг чекка ҳудудлари йўли, суви, мактаби, шифохонаси учун ўзларига ўхшаган камбағал ва йўқсил маҳаллалар билан "Ташаббусли бюджет" доирасида пул олиш учун курашаётган бир вақтда, пойтахтнинг ҳар бир маҳалласига 2021 йилда 2 миллиард сўмдан, 2022 йилда ҳам 2 миллиард сўмдан пул ажратилган. Ҳеч қанақа шартларсиз, талабларсиз. Шундоқдан шундоқ чиновниклар қўлига.
Ўта оғир келган 2023 йилнинг ярми якунига етмасдан ажратилган маблағлар ҳар бир маҳаллла ҳисобига 1,5 млрд.сўмдан ошиб кетди.
Тўлиқ бўлмаган 2,5 йил ичида пойтахтдаги ҳар бир маҳалланинг инфратузилмаси учун йўналтирилган маблағлар 4,7 трлн.сўмдан кўпроқни ташкил этади. Бу пулларга Тошкент маҳаллалари тилладан бўлиб кетиши керак эди. Биз эса амалда уваланиб кетган тротуарлар, расво йўллар, сув тўплайдиган бордюрлар, ишламайдиган чироқлар, ёмғир ёғса тошадиган ва фақат ташриф бўлганида тозаланадиган ариқларга эгамиз холос.
Адолатсизлик шуки, Тошкент маҳаллаларига пулларнинг камида ярми, агар 70%и бўлмаса, Республика бюджетидан, яъни энг камбағал Сурхондарё, Наманган, Қорақалпоғистон каби ҳудудларнинг ҳаққидан олиб берилмоқда.
Ўтган йилларда ҳеч ким, на Республика даражасида, на шаҳар даражасида бирон бир амалдор чиқиб, тўхтанглар, шунча пул қаёққа кетди, қайси муттаҳам пудратчилар ўзлаштирди, уларнинг қилган иши бўйича кафолати бормиди деб сўрагани йўқ. Ҳеч ким аввалги ҳокимнинг қўлидан ушлаб унинг ё унга аффилланган фирмалар бажарган ишларнинг натижасини кўрсатгани йўқ.
Демократияни, халқ вакиллигини, тақсимотдаги адолатни таъминлаш истаги йўқ ва бўлмайди ҳам, буни кўриб турибмиз. Айни вақтда, авторитар режимлардагидек ҳеч қурса битта ҳудудда витрина яратиш вазифасиям бажарилаётган йўқ. Витрина ўрнига пул ташланса ювилиб кетадиган қора ўпқонга эгамиз холос. Чунки росмана авторитар давлатларда ҳеч бўлмаса ўғрилар вақти вақти билан шафқатсизларча жазоланиб турилади.
Шавкат Раҳмон ёзиб кетганидек:
"минг афсус, яшаймиз шундоқ давлатда
жиноятлар кўпу жиноятчи йўқ..."