13K53Telegramda ochish
Жарликлар кўмиб юборишдан аввал улар ўрганилиши лозим Кечаги юриш ва тақдимотлар оқибати ўлароқ жарликларнинг кўмилиши ва бу ишга бюджетдан 450 миллиард сўм ажратилиши масаласи, токи бу ишга фаол киришишдан аввал чуқурроқ ва ҳар томонлама ўрганилиши керак. Тошкент шаҳридаги жарликлар, кеча гап кетган Шайхонтоҳур туманидаги жарликлар ҳам инсон фаолияти натижасида пайдо бўлмаган. Агар твда кўрсатилган кадрлар инобатга олинса ва картага назар ташланилса, Нурафшон ва Қоратош кўчалари оралиғида қуриб ётган ва қачонлардир сув оққан Захарариқ, Бўзсувариқ ва Чуқурариқлар ҳақида гап кетмоқда. Бу жарликлар табиатнинг маҳсули, сув, тупроқ, қуёш ва балки тектоник ҳаракатлар натижасида юз, минг йиллар давомида шаклланган. Жарликлар табиий дренаж, зовур ва оқава функциясини ҳам бажариб келади. Жарликларнинг кўмиб юборилиши ер усти ва ер ости сув ҳаракатига, йўналишига, тупроқ ўзгаришларига олиб келиши табиий. Бу масалани тупроқшунослар, ирригаторлар, геологлар ва экологлар ўрганиб, мустақил тарзда фикр бергани маъқул кўринади. Чунки эртага шу шаҳарда шу масканда ўзимиз, тошкентликлар яшаймиз. Агар гап ҳақиқатан ҳам жарликларнинг санитар аҳволини яхшилаш ҳақида бўлса, бу ишни жарликларни кўммасдан ҳам ҳал этса бўлади. Масаланинг молиявий ва иқтисодий тарафи ҳам бор. Агар сув, тупроқ ва табиат мутахассислари жарликларни кўмиб юбориш шаҳар экотизимига, табиий-ижтимоий мувозанатига зиён етказмайди деб ҳисоблашса, ўз-ўзидан кўмилган, тупроқ билан тўлдирилган майдонларда турли кўринишда иқтисодий фаоллик бошланади. Ўтган йилдан Чирчиқ соҳили торайтирилиб, пайдо бўлган ер майдонлари бизнесга сотила бошланди. Бунинг учун Ҳукумат Тошкент шаҳрига 300 миллиард сўм ссуда берди, транш билан мана сенга деб бюджет пули ажратилгани йўқ. Ер сотишдан тушган пул ссудани қайтаришга йўналтириши кўзда тутилган. Бу сафар ҳам камида шундай бўлиши керак. Бюджетнинг, солиқ тўловчиларнинг маблағи, агар жарликларни кўмиш ҳақиқатан ҳам ўринли ва асосли, тўғри ҳисобланган деб топилса, яна ўз жойига, тийин-тийинигача, балки фойда билан қайтарилиши зарур.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin