2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги бюджет ижроси ва даромадлар таркиби тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинди.
Сиртдан қараганда ҳаммаси рисоладагидек, лекин қатор деталлар мундарижаси очиқланса реал картина янаям яққолроқ намоён кўринарди.
Демак, жуда оғир ўтган ярим йилни 6,7 триллион сўмлик дефицит билан якунлабмиз. Тўғриси, бундан кўпроқ дефицит кутгандим. Дефицит қайси манбалар ҳисобидан қоплангани очиқланса, кенг жамоатчиликка қолган ярим йил учун тегишли хулосалар қилишга ҳам асослар яраларди.
Ставкаси ва базаси кенгайтирилган фойда солиғи росмана №2 солиққа айлангани қувонарли. Лекин унинг таркиби қандайлигини билмай туриб жиддий фикр айтиш қийин. Балки бу олтин ишлаб чиқарувчиларимиз ҳисобигадир. Билмадим. Нима бўлгандаям, бюджетимизнинг олтин омили ҳисобга олинмаган даромадлар қисми бизга иқтисодиётимизнинг аҳволи борасида реалроқ сигналлар берган бўларди.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Айланмадан олинадиган солиқ, ҚҚС, Мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан олинадиган солиқ тушумлари камайган. Камайишда 2- чоракдаги локдаун алоҳида ўринга эга бўлган. Айни пайтда Солиқ бўлмаган бошқа даромадлар улуши ҳам, миқдори ҳам кескин ортган. Унинг таркиби очилса янаям яхши бўларди, балки жамоатчиликнинг хурсанд бўлишига арзирли, масалан ўтган давр ўғри ва муттаҳамларидан қайтарилган маблағлар каби факторлар бордир.
Солиқ тўловчилар бюджетнинг харажатлар қисми мундарижасини тез орада очилишини ҳам кутиб қолади.