"Аждарҳо комиссияли QR код мажбурий" дейилдими, тадбиркор ва истеъмолчининг савол беришга ҳаққи бор
Мулоқотда тадбиркорлардан бири махсус ва ягона QR орқали тўловларни қабул қилиш ва нақд пулни картага солиш комиссиялари баландлигидан шикоят қилмоқда.
Бу ҳолатда тадбиркор 100% ҳақ. Унинг комиссия олмаслик талаби ҳам, гарчи бугунги маъмурий реалликларда имконсиз туюлсада, 100% ўринли. Нега? Чунки гап ихтиёрий эмас, мажбурий қилинган тўлов воситаси ҳақида кетмоқда. Очиқ ва соғлом рақобатли, айни пайтда эркин танлов бўлганида тадбиркорни маломат қилсак бўларди. Қайсидир конторага юқори фоизли комиссия ўрнатилган ва мажбурий восита ясаб берилдими (моҳиятан олсангиз бу солиқ), тадбиркор ҳам, истеъмол ҳам "йўқот комиссияни" дейишга ҳақли.
Яна бир гап. Бу ерда сен ноҳақсан, тушунмайсан, qr орқали тўловни қабул қилмасликни истасанг, ана нақдда қабул қил ва тўла, бу "бозор" дейиш ҳам мантиқсиз. Махсус ва ягона QR тизимларини мажбурий жорий қилишдан мақсад ўзи нақдсизликни рағбатлантириш эмасмиди? Иккинчидан, коммуникациянинг вазифаси ўзи ноқулай саволларга жавоб бериш. Айтайлик, ўша ягона QR'нинг таннархи ўзи операторга қанчага тушаяпти? Наҳотки лицензия остидаги тўлов тизимлари, тўлов ташкилотлари ва банкларни тийиб, 0,65%ни 0,25%га тушириш мумкинмас? Нимага ўзбекистонликлар яна бир тўп монополистларни бойитиши ва боқиши керак? Триллион сўмлик савол ўзи шу-ку!