Нега 0,65%, 0,25% эмас?
Марказий банк ягона QR бўйича баёнот берди, унда хусусан шундай дейилади:
"Тизим орқали амалга ошириладиган тўловлар бўйича умумий комиссия улуши 0,65 фоиз этиб белгиланган. Комиссия тўлов занжирида иштирок этувчи барча томонлар ўртасида шаффоф ва ҳар бирининг реал роли ҳамда харажатларига мутаносиб равишда тақсимланади.
Комиссия қуйидагича тақсимланади:
0,10% — экваер банк, яъни QR-кодни мерчантга ўрнатиб берган банк;
0,15% — тўлов Uzcard ёки Humo миллий карталари орқали амалга оширилганда тегишли улуш, шундан Uzcard 0,075 % ва Humo 0,05 % банк картаси эмитентига қайтаради;
0,20% — QR-код оператори: тизимни узлуксиз қўллаб-қувватлаш, ягона колл-марказ фаолияти, мижозлар учун шахсий кабинетлар ҳамда онлайн-ККМ билан интеграция харажатларини қоплаш учун;
0,05% — карта эмитенти;
0,15% — тўлов ташаббускори, яъни QR-кодни ўқувчи мобил илова;
0,05% — тўловчи банк, яъни тизимда тўловни амалга оширувчи банк".
"UzQRнинг 0,65 фоизлик умумий тарифини холисона баҳолаш учун уни ҳозирги тўлов хизматлари бозоридаги мавжуд тарифлар билан таққослаш ўринли. Бугунги кунда тўлов хизматлари бозорида савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари учун QR-кодлар орқали тўловларни қабул қилиш 1-3% ташкил қилмоқда (айнан қайсилар, қайд этилмаган ва уларнинг мажбурий эмаслиги ҳам, таъкид бизники).
Алоҳида таъкидлаш зарур: тизимнинг расмий тариф тузилмасида тўловчидан (истеъмолчидан) ҳеч қандай комиссия ундириш кўзда тутилмаган. Барча тариф — фақат мерчант томонидан тўланадиган 0,65 фоиздан иборат, ва у юқорида кўрсатилгандек занжир иштирокчилари ўртасида тақсимланади.
Айни пайтда айрим ташаббускорлар томонидан истеъмолчидан қўшимча йиғим (+1%) ундирилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Бундай йиғим тизим тарифининг бир қисми эмас — у тегишли иштирокчилар томонидан ўз ташаббуси билан қўшимча тарзда қўйилган".
Албатта, Марказий банкнинг UzQR бўйича муносабат билдириши жуда қувонарли (ўзи шундай бўлиши керак ҳам). Лекин савол барибир ўша ўша, тизим орқали тўловлар ўтишининг таннархи қанча ўзи? Нега регулятор ва маъмурий таъсир чоралари, шунингдек, бошқа улкан инфратузилмавий ресурслар бўла туриб, тарифлар 2 карра арзонроқ таклиф этилмади (масалан, 0,25%гача, тасаввур қилинг, Humo "хусусийлаштириб" юборилмаганида бу қанчалик имконли бўларди). Иккинчи савол эса ўша ўша, 0,65% +1% комиссия билан UzQR нақд пул орқали савдони ўлдира олмайди (ўзи мақсад шу эмасмиди), сотувчи ҳам, истеъмолчи ҳам барибир нақдликни ёки арзонроқ бўлган терминал (0,20%) орқали ҳисоб китобни танлайди. Ва учинчидан, бизнес ва истеъмолчиларга асосий хатар ҳам шу ерда, энди икки монополист тўлов тизими терминаллар орқали эквайринг тарифларини ошириш тафовутини қўлга киритишди (ва вақт ўтиб бундан фойдаланишади).