Конституцияга зид бўлган нормани қабул қилиш яна таклиф этилмоқда
Кеча футбол талатўпи арафасида неча йиллардан буён турли андоза ва мундарижага ўраб тасдиқлаб олишга қайта-қайта уринилаётган, иқтисодий зиён ва молиявий оқибатлари баҳоланмаган ва жамият қайта-қайта рад этаётган лойиҳа яна бир марта, бу сафар ҳукумат қарори шаклида муҳокамага қўйилган.
Солиқ қўмитаси Банклар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ёки омонатларига (депозитларига) оид ахборотларни солиқ органига тақдим этиш тартибини қабул қилишни таклиф этмоқда.
Қарор лойиҳасига, хусусан жисмоний шахснинг банк карталарига календарь ой давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз бараварига тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада маблағлар бошқа жисмоний шахсларнинг (бундан яқин қариндошлар мустасно) банк карталари ёхуд электрон ҳамёнларидан келиб тушганда солиқ органларига маълумот тақдим этиш талаби ҳам қўшилган.
P2P назорати бўйича банк сирига оид ахборотларни қўлга киритишга уринишлар биринчи марта эмас (6 йиллик қисқа тарихи бу ерда).
Яна бир бор эслатишга тўғри келади. Конституциямизнинг 41- моддасида аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган:
"Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади".
Хотираси узун бўлмаганларга яна бир бор эслатиш лозимки, бундан 3 йил аввал Янги Конституция қабул қилиниши билан Конститиция руҳи ва мундарижасига зид дея бекор қилинган нормалардан бири ҳам айнан P2P ўтказмалар ҳақидаги маълумотлар солиқ органларида жамланишинини кўзда тутадиган фармон нормаси эди.
Умид қиламанки, аввалги уринишлар сингари бу сафарги уриниш ҳам натижа бермайди. Лекин бунинг учун Парламентдан тортиб манфаатдор идораларгача (Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги, Марказий банк), матбуотдан тортиб жамоатчиликкача жим турмаслиги керак.