Халқимиз ақллироқ ва зийракроқ
Spot банклардан омонатлар ва йирик p2p-ўтказмалари тўғрисидаги маълумотларни оммавий ва автомат тарзда олишни назарада тутувчи қарор лойиҳасига нисбатан фикр ва изоҳларни ўрганган.
Деярли ҳар иккинчи изоҳда Ўзбекистон Конституциясининг 41-моддасига ҳавола учрайди. Муаллифларнинг фикрича, ҳукумат қарори қонуности ҳужжати саналади, демак, Асосий қонун бўлган Конституция билан мустаҳкамланган ҳуқуқларни чеклай олмайди.
Бир неча муаллиф, шунингдек, 31-моддага — шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий ва оилавий ёзишмалар сир сақланишига ҳам мурожаат қилмоқда. Бу борадаги энг кўп учрайдиган далиллардан бири шундай: фуқароларнинг молиявий операцияларини оммавий мониторинг қилишни жорий этиш конституциявий ҳуқуқни чеклашдир. 31-модда мазмунига кўра эса, бундай чекловлар фақат парламент томонидан қабул қилинадиган қонун билан ва фақатгина суд қарори асосида белгиланиши мумкин. Ҳукумат қарори эса бунинг учун етарли эмас.
Изоҳ ёзувчиларнинг бир қисми амалдаги қонунчиликка зидликлар борлигини кўрсатмоқда. Солиқ кодексининг 134-моддаси икки режимни қатъий ажратади: биринчиси — ҳисобварақ очилгани, ёпилгани ва реквизитлари ўзгаргани тўғрисида автоматик хабардор қилиш; иккинчиси — қолдиқлар, операциялар ва кўчирмалар ҳақидаги маълумотларни фақат солиқ органининг муайян солиқ тўловчига нисбатан индивидуал сўровига асосан тақдим этиш. Лойиҳа эса амалда иккинчи режимни биринчисига айлантириб, ҳеч қандай сўровсиз ва аниқ шубҳасиз операциялар тўғрисидаги маълумотларни автоматик тарзда оммавий узатишни жорий этмоқда. Вазирлар Маҳкамаси қарори кодексда назарда тутилганидан кенгроқ мажбуриятларни ярата олмайди — бу “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги қонунга тўғридан-тўғри зид келади.
"Лойиҳанинг таклиф этилаётган таҳрирда қабул қилиниши Банк сири тўғрисидаги қонун ва Солиқ кодексида белгиланган банк сирини ошкор қилиш ҳолатларининг асоссиз кенгайишига, шунингдек, автоматик хабардор қилиш ва солиқ органининг сўровига асосан ахборот тақдим этишнинг ҳуқуқий режимлари аралашиб кетишига олиб келиши мумкин", — дейди лойиҳани рад этиш лозим деб ҳисобловчи ватандошларимиздан бири.