Халқимиз теранроқ ва сезгирроқ
Лойиҳа амалда яширин даромад мавжудлигида “айбдорлик презумпсияси"ни жорий этади: фуқаро ўз ўтказмалари тадбиркорлик билан боғлиқ эмаслигини ўзи исботлашга мажбур бўлади. Муаллифлардан бири ҳам аниқ хавотир билдирмоқда — солиқ текширувларидан ташқари, карталарни автоматик равишда блоклаш эҳтимоли бор.
Энг кўп учрайдиган “қарши” далиллардан бири иқтисодий оқибатлар ҳақидаги огоҳлантиришлардир. Изоҳ ёзувчиларнинг фикрича, қарор яширин иқтисодиётни қисқартириш ўрнига уни яна-да кучайтиради.
Муаллифлардан бири қуйидаги оқибатлар занжирини тузади: P2P ўтказмалари устидан назоратнинг кучайтирилиши муқаррар равишда нақд пулга бўлган талабнинг ўсишига, ундан кейин эса долларга бўлган талабнинг ўсишига олиб келади. Бу курсга босим ўтказади ва инфляцияни тезлаштиради. Натижада, давлат иқтисодий ислоҳотлардан олдин бўлгани каби яна валюта сотиб олиш ва нақд пул ечиб олишга чекловлар киритишига тўғри келади. Муаллиф тўғридан тўғри савол беради: нима учун орқага қадам ташлаш керак?
Бошқа бир қатор изоҳлар тўпланган маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарларга тааллуқлидир. Таъкидланишича, лойиҳа миллионлаб фуқароларнинг молиявий профилларининг ягона базасини яратишни назарда тутади, аммо маълумотларни сақлаш муддатларини, уларни йўқ қилиш механизмларини, кириш чекловларини ва маълумотлар сизиб чиқиши учун жавобгарликни белгиламайди. Шу билан бирга, Конституциянинг 31-моддасида ҳар бир шахсга ўзи ҳақида ноқонуний равишда тўпланган маълумотларни йўқ қилишни талаб қилиш ҳуқуқи кафолатланган — лойиҳада бу ҳуқуқни амалга оширишнинг ҳеч қандай механизми йўқ.
“Биринчи навбатда, мансабдор шахслар учун даромадларни декларациялашни жорий этиш керак, буни аллақачон қилиш керак эди. Бу тизимни тажриба тариқасида мансабдор шахсларда синаб кўриш керак. Кейин уни жисмоний шахсларга ҳам татбиқ этиш мумкин бўлади”.
Бир қатор муаллифлар яна-да илгарилаб, давлат солиқ тушумларини сарфлашнинг тўлиқ шаффофлигини таъминламагунча, фуқаролар устидан тотал назоратнинг ўзи қонунийликка эга эмас, деган яна-да принципиал тезисни илгари суради. Худди шу маънода, солиқ имтиёзлари берилган компаниялар, жумладан, технопарклар резидентлари, муаллифларнинг фикрича, триллионлаб маблағларни солиқдан озод қилади — ва ҳеч қандай назорат йўқ. Оддий фуқаролар эса назорат остига олинади.
Изоҳ ёзганларнинг фикри бир жойдан чиқди: қонун лойиҳаси рад этилиши ёки жиддий қайта ишланиши керак — бу ҳукумат қарори орқали эмас, балки фақат Олий Мажлисдаги қонунчилик тартиб-таомили орқали, конституциявий ва аксилкоррупциявий экспертизалардан ўтказилиб, тартибга солиш таъсирининг баҳоси ҳамда молиявий-иқтисодий асосномаси эълон қилинган ҳолда амалга оширилиши лозим.
“Агар муҳокамалардаги норозиликдан кейин ҳам бу қонун қабул қилинса ҳукуматга нисбатан халқнинг ишончи нолга тушиб кетади. Ўзи аллақачон ишончсизлик шаклланиб бўлган халқ орасида”.
Бугун лойиҳа эълон қилинганини бешинчи куни. Солиқчилардан бошқа манфаатдор идоралар — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва айниқса Марказий банк жимлик сақлашда давом этмоқда. Парламентимиз-ку бошини қумга тиқволганга ўхшайди. Лекин сиз жим турманг. Лойиҳага нисбатан нафақат солиқ тўловчи, ватандош ўлароқ фикр ва мулоҳазаларингизни қайд этишда давом этинг. Фарқи йўқ — иқтисодчимисиз, юристмисиз, фермермисиз, талабамисиз ё уй бекасими. Конституцион нормалар нафақат урра-урра қилиб қабул қилиниши, унда белгиланган ҳуқуқлар узурпациядан ҳимоя қилиниши ҳам керак.