Янгисини қурмаймиз, борларини сотамиз
Vaqt.uz талабалар учун ётоқхоналар етишмаётган оғир бир шароитда ётоқхоналарнинг пайдар-пай сотилаётгани ва ер майдонлари ажратилганига қарамай, қурилмаётгани тўғрисида катта материал тайёрлаган.
Мазкур мақолани Парламент депутатлари, антикоррупция агентлиги ва шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи қилувчи органлар ҳам алоҳида эътиборга олиши керак.
Тасаввур қилишингиз учун, бундан 5 йил аввал Давлат раҳбари топшириғи билан талабалар учун ётоқхоналар қурилишига 72,4 гектар ер ажратилган. Хусусан, ер тилло нархидаги Тошкент шаҳрида ётоқхоналар қурилиши учун 24,4 гектар тақсимланган. Масалан, Жаҳон тиллари университети учун 3,3 гектар (11та ётоқхона), Миллий Университетга 3 гектар (10та ётоқхона), Педагогика университетига 2,1 гектар ер (7та ётоқхона) айнан ётоқхона қурилиши учун берилган.
2022 йилдан буён бирон бир йилда белгиланган ётоқхона қурилиш режаси бажарилмаган.
Vaqt Ҳукумат қарорида асосий кўрсаткич сифатида қурилиши керак бўлган ётоқхоналар сони аниқ белгиланган бўлса-да, айрим лойиҳаларда ётоқхоналар сони икки баравардан ҳам кўпроқ қисқарганига эътибор қаратган. Хўп, жаноблар, ётоқхоналар учун ажратилган ер майдонларига кимлар нима қурди ва қурмоқда. Тошкентда, Андижонда, Самарқандда текшириш ва инвентаризация қилиш пайти келмадими? Сўроқ ва савол вақти келмадими?