Фермерлар ниҳоят ҳақиқий ҳосил суғуртасига эришдими?
Қишлоқ хўжалигида меҳнатнинг қадрини фермернинг ўзи яхши билади. Бир йил давомида ерга қилинган меҳнат, сарфланган маблағ, вақт ва умид баъзан бир неча дақиқада содир бўлган табиий офат сабабли катта хавф остида қолиши мумкин.
Кучли дўл, шамол, сел, баҳорги совуқ ёки бошқа табиий ҳодисаларни инсон тўхтата олмайди. Лекин уларнинг иқтисодий оқибатларини камайтириш мумкин. Бунинг энг самарали йўлларидан бири — замонавий ҳосил суғуртаси тизимидир.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармасининг ташкил этилгани қишлоқ хўжалигида таваккалчиликларни бошқариш бўйича муҳим ва ўз вақтида қабул қилинган қарорлардан бири бўлди.
Бугунги кунда иқлим ўзгариши тобора кучайиб, табиий офатлар сони ортиб бораётган бир пайтда фермерларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш давлат аграр сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланмоқда. Ана шу жиҳатдан суғуртаси жамғармаси нафақат суғурта хизматини таклиф этади, балки фермерларда хавфларни бошқариш маданиятини шакллантиришга ҳам хизмат қилиши мумкин.
Албатта, суғурта табиат ҳодисаларининг олдини олмайди. Аммо суғурта ҳодисаси юз берганда, шартнома шартлари асосида зарарларни қоплаш механизмини ишга туширади. Бу эса фермерга фаолиятини тўхтатмасдан, кейинги мавсумга тайёргарлик кўриш ва ишлаб чиқаришни давом эттириш имконини беради.
Энг муҳими, суғуртаси жамғармаси ташкил этилиши соҳада мутлақо янги ёндашувни бошлаб берди. Илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш, хавфларни илмий баҳолаш, рақамли технологиялардан фойдаланиш ва суғурта хизматларини фермерларга янада яқинлаштириш учун мустаҳкам асос яратилди.
Албатта, ҳар қандай янги тизим вақт ўтиши билан такомиллашиб боради. Фермерларнинг ишончи, шаффофлик, зарарларни тезкор баҳолаш ва ўз вақтида тўловларни амалга ошириш каби масалалар ушбу тизимнинг муваффақиятини белгилайди.
Фермернинг меҳнати бебаҳо. Уни табиатдан келадиган турли офатлардан асраб бўлмайди, аммо хатарларнинг иқтисодий хавфини камайтириш, юмшатиш мумкин. Ҳосил суғуртаси айнан шу мақсадга хизмат қилади.