19K97Telegramda ochish
Суперлига бюджет совуриш мусобақасими? Бухоро футбол клубига маҳаллий бюджетдан 5 млрд.сўм ажратилган Бухоро вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Ботир Зариповнинг ташаббуси билан «Бухоро» футбол клубидаги молиявий муаммоларни бартараф этиш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Халқ депутатлари вилоят кенгаши маҳаллий бюджет ҳисобидан клубни қўллаб-қувватлашини маъқуллагач, 5 млрд сўм маблағ жамоа ҳисоб рақамига ўтказилган. Бухорода ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечилиб тугатилган шекилли. Эҳтимол, 2-3 сменали, сувсиз, туалет ва канализациясиз мактаблар қолмаган, тўкилиб тушган боғча ва поликлиникалар ҳаммаси таъмирдан чиқарилган. Балки ичимлик суви кириб бормаган хонадонлар, йўли асфальтланмаган маҳаллалар ҳам қолмаган. Камбағаллар ҳам синф ўлароқ тугатилгандир. Жаноб Зарипов маҳаллий бюджет пулини ишлатгани жой тополмай, Бухоро футбол клубига ўтказдириб берганми? Бўлиши мумкин-ку! Ҳартугул бухоролик солиқ тўловчилар ҳаққини қийиб, футбол клубига бюджетдан пул ажратилиши сабабини биз билмаймиз, чунки ҳар икки ҳужжат e-qaror'дан чиқмади, эҳтимол, ҳокимтўраларнинг анъанасига кўра ХДФУ тамғаси билан яшириб қўйилган (Антикоррупция агентлиги яширин қарорларга нисбатан тақдимнома киритишдан бўлак, бирон жиддий чора кўрадими?). Бу ерда бошқа жиддий муаммо ҳам бор. Футбол мавсуми бошида Суперлигадаги ҳар бир футбол клуби учун 2026 йилда 35 миллиард сўмдан ажратиш тўғрисида қарор қилинганди (давлат компаниялари паразитлашган футбол клублари орқали пул совуриш тақиқлангач). Демак, Бухоро ФКга Республика бюджетидан етим-есир, нафақачи ва имконияти чекланганлар ҳақини қисиб ажратилган 35 млрд.сўм етмаяпти? Шундайми? Шунга собиқ бонкир ҳокимбова маҳаллий бюджетдан яна 5 млрд.чиқариб берворганми? Бўлаётган ишлар Президент фармойиши ва қарори моҳиятига зид, айланиб ўтиш ва хаспўшлаб, билганини қилиш эмасми? Иқтисодиёт ва молия вазирлиги нима дейди? Суперлига футбол чемпионатими ё давлат бюджетини совуриш мусобақасими? Бухоро вилояти ҳокими қилган ишни эртага Андижон, Наманган ё Фарғона қилмайдими? Аввал паразит футбол клублари давлат корхоналари орқали пул совуриш ва харажатларни таннархга тиқвориш, якунда истеъмолчи бўйнига илиш билан молиялаштириларди (йўл-йўлакай шериклар билан миллиардларни ўзлаштириб). Энди футбол клублари солиқ тўловчиларни ҳисобсиз қоқиштириш орқали молиялаштириладиган бўлдими?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin