Футбол клублари қачон тафтиш қилинади?
Охирги йилларда футбол клубларига сарфланган триллионлаб маблағларнинг ҳисоби ва ҳисоботи йўқ. Биргина Ўзбекнефтегаз 3-4 клуб учун йилига 300 млрд.сўмгача пул сарфлаган. Худди шунақа монополистлар — Ўзбекистон темир йўллари, UzautoMotors, НКМК ва ОТМК, Миллий электр тармоқлари кабилар футбол клублари учун йилига ўнлаб, юзлаб миллиард сўм совуриб келишган. "Сиздан угина биздан бугина" қабилида чўнтак ва олигархларга топширилган, "хусусийлаштирилган", аслида ғирт боқиманда клубларни сақлаш учун ҳам олигархлар олган ёпиқ имтиёзлар туфайли бюджет триллионлаб йўқотишларни қабул қилган. Қаердан ўпирилгани ёки суғуриб олингани номаълум, қопларда ташилган пулларнинг-ку ҳеч бир ўлчови йўқ.
Ўтган йиллардаги футбол клублари воситасида совурилишларга кўз юмилиш, "ҳомийлар" ва уларнинг клублардаги шерикларининг схема ва қилмишларига "ўтган ишга саловат"дек муносабатда бўлинишига хўп дейлик, майли.
Лекин футбол клубларига тўғридан тўғри бюджетдан пул берилаётган экан, унинг сўрови, текшируви, назорати бўлиши керакми? Давлат қаерга — таълимга, боғчага, касалхонага бир сўм пул берса, ҳисоби бор. Савол-жавоби бор. Нега футбол клуби мисолида истисно бўлиши керак?
Хўп, айтайлик, болқондан келган, шу пайтгача 100 миллион маош олиб келган легионер футболчилар 27 млн.сўмга қўл қўйиб, энди амалда қанча олаяпти? Фарқи қандай ёпилаяпти? Наҳотки, ҳеч кимда савол туғилмаяпти, 80дан ортиқ легионернинг маоши каррасига камайтирилса ҳам, нега ҳеч қаёққа кетмаяпти? Ваъдалар ушлаб туриптими уларни? Бир тўп ўғрининг касрига қолган ва хунини ҳалиям ўзбек халқи тўлаётган шармандали "Бунёдкор ва Ривалдо иши" яна неча марта такрорланади?
Бюджетдан 560 млрд.пул ажратилса ҳам нега футбол клублари учун ихтиёрий-мажбурий йиғди-йиғдилар тўхтамаяпти?
Давлат раҳбарининг қарорида аниқ-тиниқ қилиб футбол клубларининг мол-мулклари тўлиқ хатловдан ўтказилишини таъминлаш, баланс қийматларини аниқлаш ва ҳисоботларда акс эттириш, шунингдек, Ҳисоб палатасига бюджетдан ажратилган молиявий маблағларнинг самарали ишлатилишини ҳамда бюджетдан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини доимий назоратга олиши топширилган эди.
Хўп, Бухорога қачон тафтиш боради? Андижонга-чи? Нефтчи-гачи?