Ўзбекистонга истеъмолчилар куни ҳам керак!
Худди тадбиркорлар куни сингари. Ўтган ёмон замонда криминал ё ярим криминал субъект ўлароқ кўриладиган тадбиркорларнинг мақоми нега бунчалар ўзгарди? Энг аввал тадбиркорларга муносабат энг олий даражага чиққани ва уларга институционал эътибор қаратилгани учун. Мана шунинг учун Ўзбекистонда тадбиркорлар эшитиладиган, маслаҳатлашиладиган, ҳисоблашиладиган ҳақ ва ҳуқуқли ва ҳурматли қатламга айланди.
Худди шундай ёндашув истеъмолчиларга нисбатан ҳам шаклланиши керак. Юқори суръатда ўсаётган ЯИМнинг энг катта қисмини истеъмол ташкил этади. ЯИМ ишлатилиши нуқтаи назаридан истеъмолчилар иқтисодий ўсишнинг бош омилига айланган.
Лекин истеъмолчига муносабатчи? Зерикмаганки, эринмаганки монополистлар, олигархлар, банклар, чайқовчилар истеъмолчини хўрлаши, алдаши, ҳақини ўзлаштириши мумкин. Ва бунинг учун деярли жавобгарлик йўқ. Энг ёмони - жабрдийда ҳақсизликдан ҳимоя сўраб давлат органи ё регуляторга шикоят қилса, давлат органи ва регулятор истеъмолчини топтаётган зўравоннинг олдидан ўтади, рухсат сўрайди. Шу заҳоти чора кўриб, ҳуқуқни ва ҳақни тиклаш имкони бўлгандаям ечимни ойлаб чўзади.
Истеъмолчини вақти борми, зўравонни жазолаш учун судма-суд юришга, пули борми зўравон ҳимоясидаги иблис адвокатларига қарши курашишга, таниши борми, маъмурий ресурсларини ишлатишга? Йўқ! Қўл силтайди, нари борса қарғайди (шукр, бунга ҳали жазо йўқ).
Шунинг учун ҳам Ўзбекистонга истеъмолчилар куни керак. Шу кунда олий даражадаги учрашувларда истеъмолчиларнинг дарди, оғриғи, алами эшитилиши учун.