16K30Telegramda ochish
Йиллик даромади 1 трлн сўмдан юқори 50 та корхона: биржага чиқишга кимлар тайёр? 20 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда Давлат раҳбари капитал бозорига оид иккита аниқ ташаббусни илгари сурди: нуфузли инвестиция банклари билан IPOга тайёрлаш акселерация дастурини йўлга қўйиш ва йиллик даромади 1 трлн сўмдан юқори бўлган 50 та корхонани танлаб, уларнинг IPOга тайёргарлик ва халқаро стандартларда ҳисобот юритиш харажатларининг ярмини қоплаш. Иккинчи ташаббус муҳимроқ. Чунки ҳозиргача маҳаллий компанияларни биржадан ушлаб турган нарса капитал етишмаслиги эмас, айнан тайёргарлик нархи - халқаро аудит, IFRS, корпоратив бошқарув, инвестиция банкининг хизматлари. Йирик хусусий корхоналар учун бу харажатлар йиллик бир неча миллиард сўмга чиқади, натижа эса — ноаниқ. Давлат бу харажатларнинг ярмини олса, ҳисоб-китоб анча ўзгаради. Лекин иккита "лекин" бор. Биринчиси - 50 та корхона қандай танланади? Мезонлар очиқ бўлмаса, бу дастур яна бир ёпиқ "рўйхат"га айланиб қолиши мумкин. Иккинчиси - ички бозорнинг ўзи. Тошкент фонд биржасида ликвидлик ҳамон паст, чакана инвесторлар сони чекланган, катта жойлаштиришларни "ютиб юборадиган" институционал талаб шаклланмаган. Компанияларни IPOга тайёрлаб бўлади, лекин уларни ким сотиб олади, деган савол очиқлигича қолмоқда. Шу нуқтаи назардан аниқ мисол қизиқ. BMB HOLDING IPOни истиқболдаги йўналишлардан бири ўлароқ кўриб чиқаётганини билдирди - акциялар халқаро эмас, айнан Ўзбекистон фонд биржасида очиқ жойлаштирилиши мумкин. Бу маҳаллий йирик хусусий бизнес учун ноёб ҳолат: одатда бизникилар чет эл биржалари ҳақида гапиради, ичкарисига эса “ишонишмайди”. Агар бу амалга ошса, маҳаллий инвестор биринчи марта банк депозити ва кўчмас мулкдан ташқари, ўсаётган реал секторда иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Лекин бу имконият фақат ҳисобот очиқ, дивиденд сиёсати аниқ ва акциялар нархи "тепадан" эмас, бозор орқали белгиланган тақдирдагина қадрли.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin