20K121Telegramda ochish
Ошди-ошди мавсуми: эртадан БҲМ ошади, боғланган хизматлар, йиғимлар ва жарималар ҳам Эртага, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 440 минг сўмни ташкил этади. Ўзбекистонда давлат хизматлари, қатор солиқлар, йиғимлар, жарималар ва давлат божлари БҲМга боғланган. Мисол учун, ўзи бусиз ҳам жуда қиммат бўлган паспорт ва ID-карта учун тўловлар янада ошади (ўтган ҳафтада бу оғриқ ижтимоий тармоқларда жуда кўп муҳокама қилинган). Ўзи бусиз ҳам космик даражада қиммат бўлган автомобилларни рўйхатга олиш, техпаспорт ва авторақамлар янада ошади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарималар ошади (хусусан, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун). Лицензия ва рухсатномалар, нотариал хизматлар, судга аризалар учун давлат божлари ошади. БҲМга боғланган ва қатъий белгиланган солиқлар ошади (ЯТТ ва ўзбандлар учун). UzIMEI деган аждарҳо учун йиғимлар ошади (Американинг «Delta Telecom International» компаниясига фойдасига янада кўпроқ ўлпон тўлаймиз). ОТМларда ўқиш учун тўлов-контракт миқдорлари ошади. Бу йилдан ҳатто боғча тўловларини ҳам БҲМга боғлаб қўйишди, энди БҲМ ошса, боғча тўловлариям автомат ошаверади. БҲМ ва унга боғланган хизматлар билан боғлиқ учта муаммо бор. Биринчиси, Статқўмимиз одатда инфляция ҳисоблашда қатор давлат хизматлари қимматлашганини кўздан қочиради. Бу табиийки, инфляциянинг расмий кўрсаткичларига саволни кўпайтираверади. Шундай экан, БҲМга боғланган нимаики хизмат ёки йиғимлар бўлса, рўйхати тузилиб, инфляция ҳисобида инобатга олиниши керак. Иккинчиси, бутун нормал дунёда ва қўшниларимизда ҳам БҲМ каби ўлчовлар бутун молия йили учун ўзгаришсиз амал қилади. Лекин, афсуски, Ўзбекистонда бундай қоидалар йўқ, керак бўлса, айрим йилларда икки марталаб оширишган. Нега? Энг аввало, олигарх ва монопол хизматлар бенефициарлари манфаатлари учун. БҲМнинг бутун молия йили учун ўзгаришсиз қолиши қоидаси қонунларга киритилиши зарур (жонсарак парламентимиз ўзбекистонликлар фойдасига ҳам тезкор ва савол бермасдан бирон марта ҳаракат қилишсин, кўрайлик) Учинчидан, БҲМ индексацияси ҳар доим инфляциядан юқори суръатда белгилаб келинади (ўзини ўзи ижтимоий деб эълон қилган давлатда минимал истеъмол харажатлари инфляциядан паст, БҲМ эса юқори суръатда индексация қилинишидан абсурд нарса йўқ). Нега БҲМ индексацияси инфляциядан паст суръатда эмас? Ўзбекистонликлар мажбурий тўлаганлари учунми? Энг кам иш ҳақи юқори ва тез суръатда индексация қилиниши керак, БҲМ эса инфляциядан паст суръатда. Шундагина БҲМга боғланган монопол ва олигархик хизматлар нархини ҳам тийиб туриш мумкин бўлади.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin