Иккинчи муқобил сценарийда биринчи муқобил сценарий шартларига қўшимча равишда буғдой жаҳон нархининг шартли равишда 30 фоизга ошиши назарда тутилган. Бунда минтақада автомобиль ёнилғиси нархларининг ошиши асосий савдо ҳамкорларда ғалла ҳосилини йиғиб олиш харажатларини ошириши, шунингдек, Европада ғалла ҳосили камайиши бўйича хавотирларнинг кучайиши
ҳисобга олинган.
Ушбу сценарий доирасида ёнилғи ва буғдой нархлари ошишининг дастлабки иккиламчи таъсирлари ички бозорда буғдой уни нархининг 12,2 фоизга ва нон маҳсулотлари нархининг эса 7,3 фоизга ошиши орқали намоён бўлиши кутилмоқда. Ёнилғи нархларининг таъсири асосан тартибга солинадиган нархлар орқали юзага келса, буғдой нархларининг ошиши ун ва нон маҳсулотлари орқали бевосита базавий инфляцияга таъсир қилади. Шу сабабли мазкур сценарийда инфляцион босимнинг кенгроқ қамровга эга бўлиши кутилмоқда.
Бунда умумий инфляция 2026 йил якунида 7 фоиз даражасида шаклланиб, асосий сценарийга нисбатан 0,5 фоиз банд юқори бўлиши мумкин. Мазкур тафовутнинг 0,23 фоиз банди базавий инфляция, 0,22 фоиз банди эса тартибга солинадиган нархлар ҳиссасига тўғри келади.
Биринчи муқобил сценарийдан фарқли равишда, мазкур сценарийда умумий инфляцияга иккиламчи таъсирлар кўлами нисбатан юқори бўлиши баҳоланмоқда. Бунга жавобан асосий ставканинг қатъийлик даражаси 2027 йил якунигача асосий сценарийга нисбатан ўртача 1 фоиз бандга юқори шаклланиши натижасида умумий инфляция 2027 йил якунида 5,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинган.