"Эшитинг, бу ИК-74. Агар мен сизга қўнғироқ қилмасам, менга овқат ва сув беришмайди ва мени калтаклашади".
Кеча Юлия Латынинанинг "Код доступа" дастури Россияда тобора оммалашаётган телефон фирибгарлиги асосий қурол воситасига айланган жиноят олами ва у билан чатишиб кетган қамоқхоналар тизимига бағишланди.
Гап шундаки, ҳисобварақ, бошқа пластик картага пул ўтказиш ёки банкдан қўнғироқ қилаяпмиз, вақтинча транзит ҳисобга пул ўтказиб туришингиз сўралади, каби илтимослар билан бошланадиган телефон қўнғироқларининг аксари Россиянинг қамоқхона ва изоляторларидан амалга оширилаётгани маълум бўлган.
Бу борада энг йирик банк Сбербанк махсус суриштирув ҳам амалга оширган. Лекин масала мамлакат Хавфсизлик кенгашига киритилган бўлсада жиддий чоралар кўрилмаган.
Ҳатто машҳур "Матросская тишина" қамоқхонасидан ҳам 2020 йил август ойида 225 та телефон фирибгарлиги билан боғлиқ қўнғироқлар юз берган.
Кейинги пайтда, балки ўзингиз ҳам гувоҳ бўлаётгандурсиз, Россия йирик шаҳарлари рақами билан ўзбекистонликларга ҳам қўнғироқлар кўпайган. Телефонни олсангиз, баъзида рус, баъзида ўзбек тилида картангиз рақами, пул ўтказиш илтимослари янграйди. Бу қип-қизил фирибгарлик. Алданиб қолманг. Яхшиси, хориждан бўлаётган нотаниш қўнғироқларга умуман жавоб берманг.