20K174Telegramda ochish
Камбағалликнинг уятли даражаси ҳақида Президент маслаҳатчиси ўринбосари Обид Ҳакимовнинг интервьюсидан узиб олинган мана бу сўзлар бусиз ҳам амалдорларга саволлари етарлича бўлган фойдаланувчиларда кўплаб эътироз ва луқмаларга сабаб бўлмоқда: "Масалан, 2018 йил Ўзбекистон учун 1 АҚШ долларининг PPP қиймати 1784 сўм этиб белгиланганди. 2020 йилда бажарилган ҳисоб-китобга кўра, киши бошига 3,2 AҚШ доллари, яъни 5,600 сўм тўғри келиб, Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас". Келинг, эҳтиросларни бир четга суриб аниқлаштирувчи саволлар берайлик. Биринчиси, нега 2020 йил учун 2018 йилдаги паритет конвертация коэффициенти қўлланилмоқда? Бу камбағаллик чегарасини белгилашда жиддий хатоликни яратишини мутахассислар билмаслиги мумкин эмас. Биз 2020 йилни тугатаяпмиз, 2018 йилда яшамаяпмиз. Иккинчидан, камбағаллик чегарасини белгиловчи ўша 3.2 долларни айнан паритет конвертация коэффициенти асосида ҳисоблаш бўйича методология борми ўзи? Уни Жаҳон банки тавсия этганми? Ўзи камбағаллик чегарасини белгилашда бошқачароқ йўлдан ҳам юрса бўларди, яшаш минимумидан паст даромад олган борки камбағал ҳисобланса бўлмайдими? Конституциямизнинг 39- моддасида Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас, деб ёзиб қўйилган. Гарчи ўтган 28 йил давомида Конституциянинг бошқа моддалари каби бу модда ҳам ишламаган бўлсада, 2020 йилда истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимуми эълон қилиниши ваъда қилинган. Ўшанда, ҳурматли Жамшид Қўчқоров очиқча ва тан олиб (очиқлик ва тан олиш марднинг иши) айтган қуйидаги гапларни эсланг: "Яшаш даражаси минимумини эълон қилиш, тўғриси, маълум бир юридик муаммоларни келтириб чиқаради. Буни очиқ айтишимиз керак. Яшаш минимумини ҳисоблаб чиқдик ҳам дейлик. 2018 йилда ҳисоблаганда 700 минг сўм атрофида эди. Фараз қилайлик, ҳозир 800 ёки 900 минг сўм деб олсак, Конституциямизда пенсия ва ижтимоий нафақалар яшаш минимумидан кам бўлиши мумкин эмас деб ёзиб қўйилган. Агар ҳозир шу рақамни эълон қиладиган бўлсак, пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорини оширишимизга тўғри келади. Бироқ айни пайтда биз буни ошириш имкониятига эга эмасмиз, бюджетимиз кўтара олмайди". Коронакризис кўп режаларни ўзгартириб, бузиб юборди. Балки истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимумини белгилаш масаласи ҳам кейинга қолар. Лекин бу муаммоларга тўлиб турган, кун тартиби ва яшаш ташвишлари амалдорларникидан каррасига фарқланадиган оддий одамларга ортиқча дардли ва нафсониятига тегадиган савол қўшиб бериш керак дегани эмас. Айниқса ўзи камбағалликда бўлган одамлар ҳам уяладиган рақамлар билан. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin