Минимал истеъмол харажатлари янги ўйлаб топилган миллий ўлчовми?
Мурожаатнома умумий контекстида эълон қилинган иккита мужда алоҳида эътибор қаратишга арзийди.
Биринчиси, келаси йил 1 мартдан бошлаб, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилиниши бўлди. Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари деган категория, агар адашмасам, расмийлар томонидан биринчи марта қўлланилмоқда.
Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари яшаш даражаси минимуми билан бир тушунчами?
Минимал истеъмол харажатлари Истеъмол саватчасидан қандай фарқ қилади?
Ё истеъмол саватчаси ва яшаш даражасининг минимумини белгиламаслик учун ўйлаб топилган янги ўзбекча ўлчовми?
Эсингизда бўлса, 2020 йилнинг бошида 2020 йил давомида истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимуми эълон қилиниши айтилганди. Ўшанда ҳурматли Жамшид Қўчқоров очиқча ва тан олиб, қуйидаги фикрларни баён этганди:
"Фараз қилайлик, ҳозир 800 ёки 900 минг сўм деб олсак, Конституциямизда пенсия ва ижтимоий нафақалар яшаш минимумидан кам бўлиши мумкин эмас деб ёзиб қўйилган. Агар ҳозир шу рақамни эълон қиладиган бўлсак, пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорини оширишимизга тўғри келади. Бироқ айни пайтда биз буни ошириш имкониятига эга эмасмиз, бюджетимиз кўтара олмайди".
Кейин ёздаги селекторлардан бирида 1 октябргача яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиши топшириғи берилди.
Қарангки, орадан ярим йил вақт ўтиб, яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчаси эсдан чиқиб қолаётгандек ва Минимал истеъмол харажатлари деган, аввал дуч келмаганимиз нотаниш тушунча пайдо бўлмоқда.
Ҳозирча фол очмай, тахминларни баён этмай турайлик-чи, балки расмий изоҳлар пайдо бўлар.
@the_bakiroo