30K211Telegramda ochish
2021 йил кутилмалари. Банклар 2021 йилда ўзбек банкларининг асосий рақобат кураши чакана мижозлар, яъни жисмоний шахсларнинг маблағлари учун кечади. Ўзбекистон иқтисодиётининг ўзига хослиги шундаки, чакана мижозлар ихтиёрида банклардан ташқарида жамғарилган маблағлар кўламини тўғри баҳолаш қийин. Ҳозирда банкларда жисмоний шахсларнинг 27 трлн.сўмга яқин маблағлари сақланаётган бўлса, турли методлар асосидаги ўлчовларга кўра, яна камида шунча маблағлар сандиқ ва қопларда жамланиб турипти. Айниқса хорижий валютада. Банклар аҳоли маблағларини жалб этиш учун омонатлар фоизларини чексиз ошира олмайдику, дейишингиз мумкин. Тўғри. Шунинг учун ҳам янги йилда бошқа эгилувчан усуллар ишга тушади ва бунда банкларнинг асосий ёрдамчиси технологиялар, яъни бошқарув иловалари бўлади. Шундай қилиб, кириб келган йилда ҳозир мавжуд таклифлардан ташқари банклар картадан картага бепул ўтказмалар, қолдиқ ва ўтказмалар учун бонус тўловлар, талаб қилиб олгунча қолдиқлар учун фоизлар, омонат тарихига эга мижозлар учун имтиёзли кредитлар каби воситаларни ишга солишга киришадилар. Банкларнинг иловалари маркетплейсларга, яъни учинчи шахсларнинг маҳсулот ва хизматлари сотиладиган бозорларга айланади . Банклар ўз даромадларини чакана мижозлардан эмас, маҳсулот ва хизматлар таклиф этувчи корхоналардан комиссия сифатида ола бошлайди. Яъни, даромади маҳсулот ва хизмат кўрсатувчилардан олинадиган, чакана мижозлар учун эса феълан фоизсиз ёки паст фоизли кредитлар таклифлари пайдо бўлади. Банкларни идоралараро интеграциялашув платформасига уланиши масофадан туриб идентификациялашни барча банклар учун оддий жараёнга айлантиради. Дарвоқе, деярли барча банклар бир хил функциядаги таклифлар тақдим эта бошлагач, мижозлар энди сифатни танлай бошлашади. Деярли барча банклар ягона баланс, ягона МФО ва ягона солиқ тўловчи шаклига ўтади. Натижада маҳаллий ҳокимликларнинг банкларнинг вилоят ва шаҳарлардаги филиалларига босими технологик жиҳатдан имконсиз бўлиб қолади. Айни вақтда ўзгача ақл соҳиблари бўлган маҳаллий ҳокимлар банклар тимсолида йирик солиқ тўловчиларни йўқотиш оғриқларини ўз бюджетларида ҳис эта бошлашади ва балки тарихда биринчи марта банкларни зўрлаш эмас, уларни ҳудудга кириб келишини рағбатлантириш керак эканини тушуниб етадилар. @the_bankiroff

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin