Берилмаган саволлар ва олинмаган жавоблар ҳақида
Бош вазир ўринбосари экспортдаги шубҳали ҳаракатлар бўйича фикрларини баён этипти. Бу яхши, ҳарқалай, сохта экспорт кўрсаткичларини ясашдан ўғрилардан бошқа барча, том маънода мамлакат ва миллат зарар кўради.
Ҳукумат вакилига кўра, экспортга юборилган маҳсулот учун маблағнинг тадбиркор ҳисобига келиб тушиши, уни ундириб олиш ишлари бўйича янги тизим йўлга қўйилади.
Бу ҳам яхши. Агар ялпи ва зиёнли назоратга айланиб кетмаса.
Лекин экспортнинг қўшиб ёзилиши фақатгина экспортга юборилган товар ё хизмат учун маблағни келиб тушмагани билан боғлиқ эмаску.
Фарғона водийси вилоятларида қўшиб ёзилган мева-сабзавот ё атиргул экспорти бўйича муддати ўтган қарздорлик йўқ. Бу дегани муаммо йўқ деганими? Бу товарлар аксарида чегарани жисмонан кесиб ўтмаган. Қўшиб ёзиш анъаналарига кўра норезидент тожикистонлик ё қирғизистонликлар томонидан ҳисобварақларга кирим ва чиқим операциялари амалга оширилган холос, буни ким текширади? Ким назорат қилади? Агар чуқурроқ қаралса, сохта экспорт орқали ҚҚСнинг қайтарилиши билан боғлиқ схемаларга ҳам етиб борилиши мумкин. Лекин бу кимга керак?
Ёки ҳокимларнинг ҳар чорак ва ойда ҳуддудаги корхона ва ташкилотлардан экспорт режаси товонини ундиришини ким ўрганади? Кимдир савол берадими? Нега экспорт режаси бажарилиши учун пул йиғилиши керак ва бу пуллар қайси чўнтакка кетади?
Ҳали қўшиб ёзиш бўйича жуда катта махинациялар манбаи бўлган хизматлар экспорти ҳақида сўз очилгани ҳам йўқ.
Дарвоқе, экспорт бўйича сохтакорликларга қарши курашиш учун масалан, экспорт ва импорт таркибини, барча нормал давлатлардаги сингари товар ва хизматлар номенклатурасида эълон қилишни йўлга қўйиш кифоя. ОАВ ва блогерлар ўзлари ҳамкор мамлакатлар статистикаси билан солиштириб муттаҳамлик қайси товарлар ва хизматлар бўйича юз бераётганини аниқлаб жамоатчиликка тақдим эта олишади.
@the_bankiroff