Рационал хулосалар ва рационал ечимлар керак
Ҳар гал кун тартибида ижтимоий қалқиниш яратадиган фожеа юз берса, унга нисбатан бўладиган реакциямиз мени ҳайрон қолдиради. Гап фожеа юз берганида эмас, чунки нохуш ва ёқимсиз фалокатлар ҳар бир мамлакатда, ҳар вақт юз бериши мумкин. Бундан ҳеч ким суғурталанмаган. Гап унга нисбатан бизнинг, айниқса давлат амалдорларининг янада кўпроқ зарар келтирувчи реакциясида.
Бундан бир неча йил муқаддам коллеж талабаси калтакланиши ортидан вафот этганида бизнинг реакциямиз коллежларни ёпиб юбориш ва касб-таълим тизимини тугатиш билан боғлиқ бўлди. Натижада мактаб тизимига қўшимча 20-25% ўқувчилар кириб келди. Ҳеч ким мактабларнинг қуввати бунга тайёрми, деб сўрамади ҳам. Ачинарлиси, орадан 2-3 йил ўтиб, бизга касб таълими барибир зарур эканини тушуниб етдик ва юзлаб миллиард маблағ сарфлаб ўша йўқотилган инфратузилмани тикламоқдамиз. Биргина шошма-шошарлик ва иррационал қарор билан касб таълимидаям, мактаб таълимидаям оқибатлари узоқ давом этадиган кризис ҳолат яратдик.
Ўтган ҳафта Юнусободда талабларнинг захарланиш ортидан вафот этиши бўйича шу кунларда яна янги кампаниябозлик бошланган. Талабалар ижарада қаерда яшамоқда, кимникида турибди, яшаш шароити қандай, дарсдан кейин нима иш билан машғул бўлади, бўш вақтини қандай ўтказади, бу талабаларнинг ўқиш жараёнига қандай таъсир кўрсатмоқда каби саволномалар билан яна хонадонма-хонадон юриш бошланди.
Энг аввало, талаба вояга етган ўзи учун ўзи масъул фуқаро эканини эсдан чиқармайлик. Талаба ёш бола эмас, унга энага, назоратчининг зарурияти йўқ. Инфантилизмни авжлантирмайлик, барака топгурлар.
Иккинчидан, Университет ва талабанинг муносабатлари фақат таълим бериш билан боғлиқ, яъни академик жараёнга таалуқли. Талаба таълим хизмати учун пулини тўлайди, ёки давлат буюртмаси фақат таълим хизмати учун. Университет талабага тарбиячи, назоратчи ёки қўриқчи эмас. Университет жамоасининг уйма-уй юриб талабаларни инвентаризация қилиши пировардида ҳам таълим сифатини пасайтиради, ҳам таълим жараёнини қимматлаштиради.
Учинчидан, ижара жойларига чиқиб, талабалар ҳолатини ўрганиш ижарага берувчиларнинг норозилигини яратиши табиий. Бусиз ҳам, ижтимоий ва молиявий сабабларга кўра талабалар энг исталмаган ижарачилар ҳисобланади. Ижара уйларига бориб ўрганишлар талабаларнинг аҳволини яхшилаш ўрнига бадтарлаштириши, бундай ҳаракатлардан кейин уларга энг лоял квартира эгалари ҳам жой бермаслиги тайин-ку!
Тўртинчидан, кейинги 3-4 йилда ОТМларда талабалар учун квоталар деярли икки баробар оширилди, бу яхши. Лекин ОТМларлар инфратузилмаси, айниқса ётоқхона комплекслари бунга тайёрмиди? Оширилган квоталар бўйича талабаларнинг ётоғини фақат ижара квартиралар қондириши мумкинлиги аввалдан маълум эди-ку!
Бешинчидан, янги даврда хусусий университетлар потирлаб очилиб ётипти. Бенефициарлари асосан давлат амалдорлари бўлган бу ОТМларга ўнгга, сўлга имтиёз беришни, миллионлаб доллар турадиган ерни бепул ажратишни биламиз. Лекин уларга ётоқхона қуриш талабини биров қўйдими? Умумий қиймати ўнлаб миллион долларлик имтиёз олаётган Университетлар ҳеч қурса учдан бир талабалар учун ётоқхона тизимини ташкил этиш керакми? Бутун дунёда шундайку. Ё бизда олмоқ бор-у, бермоқ йўқми? Ё Университетларга имтиёз беришда ёпиқ эшиклар ортида бундай келишувлар парда ортидаги келишувлар нархини пасайтириб юборадими? Нега энди хусусий ё хорижий Университетларнинг ётоқхона юки ҳукуматнинг кун тартибида йўқ?
@the_bankiroff