Серияли интервьюларни кўрганда туғилган айрим мулоҳазалар
Навбаҳор Имамованинг Ғарб учун мўлжалланган навбатдаги серияли интервюларини кузатдим. Охирги интервьюларнинг классификацияланиб, серияли тарзда қўйилаётганини ўзиёқ бу ишлар ички эмас, кўпроқ ташқи истеъмол учун эканинини англатади.
Интервьюларни кетма-кет кўриб борсангиз ғарб учун шунақа сигналлар сезиш мумкин: Биз ҳали тубга етмадик, кўп хавотир олманглар, бақир-чақирларингни эшитаяпмиз. Балки инобатга олармиз, ахир биз сизларни эшитаяпмиз.
Адлия вазирлиги вакили билан интервью бу масалага янада кўпроқ ойдинлик берган.
Энди айрим шахсий мулоҳазалар ҳақида. Қайтараман бу мутлақо шахсий, ҳақиқатга даъво этмайдиган фикрлар.
Партия тарзида рўйхатга олинишга уринаётган турли гуруҳлар, минг айюҳаннос солишгани билан 24 октябрда бўладиган сайлов жараёнида қатнаша олмаслигини энди жуда яхши билишади. Охирги имконият, дедлайн 24 март эди.
Сайлов кодексига кўра, Президент сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги уларнинг ваколатлари муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.
2021 йил 24 март ҳолатига Адлия вазирлигида фақат биз билган бештагина партия рўйхатда. Демак 24 октябрда ўтадиган сайловда фақат шу партияларга асосий номзодга рақиблар кўрсатишга рухсат этилади.
Лекин қайсидир партияни масалан, сайловга яқин қолганда рўйхатга олинишини истисно этмаслик керак. Ғарб учун (Навбаҳорнинг охирги интервьюларидан шунақа мужда анқиб турипти), ма, сенлар ҳам тиқилиб ўлмагин, дея бирортасини рўйхатга олиш ҳам мумкин.
Масалан, ёзда ёки сайлов учун ОБСЕ/БДИПЧ юборадиган миссиялар келган вақтда шу воқелик рўй беришини истисно этиб бўлмайди. ОБСЕ/БДИПЧ сайлов бўйича хулоса шаблонларида албатта Ўзбекистонда олдинга катта қадам ташлангани, чўнтак бўлмаган партиялар рўйхатга олингани ва лекин афсуски улар номзод кўрсатишга улгурмагани қайд этилади. Мелочь, но приятно.
Албатта, мен амалдаги чўнтак ва ночўнтак бирон бир партиянинг на мафкуравий ва на ижтимоий тарафдориман. Менинг қарашларимни уларнинг ҳеч бири ифода этмайди.
Қолаверса, бу ҳақда кўп айтганман, бизда номенклатуравий бошқарув тизими жуда мустаҳкам, партиявий қурилиш асосидаги бошқарувгача ҳали кўп эволюцияларни босиб ўтишимиз лозим. Айни пайтда Парламент, Кенгашлар ва Президент сайловларида ташаббускор гуруҳлар илгари сурадиган мустақил номзодларнинг аҳамияти жуда катта. Агар давлат, жамият сифатида ривожланишни истасак шу тарафига урғу беришимиз керак.