12K23Telegramda ochish
Захиралар ва уларни ишга солиш ҳақида Вақти-вақти билан табиий офатлар ёки ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ҳосилсизлик юз бериб туришидан ҳеч бир давлат ёки минтақа суғурталанмаган. Шунинг учун қадим замонлардан буён давлат энг муҳим деб ҳисобланилган товарларни маълум критик муддатга етадиган ҳажмларда захиралайди. Одатда ҳосил мўл бўлган йилларда ёки бозорда таклиф талабдан кўп шаклланган даврларда захиралар шакллантирилади. Қалтис вазиятларда, қимматчилик юз берганда ва умуман оғир йилларда захиралар ишлатилади. Масалан, ўтган йили нефть нархлари ҳаддан зиёд, мисли кўрилмаган даражада арзон бўлди. Оқил давлатлар бундан фойдаланиб ўз захираларини тўлдириб олишди. Ўтган йили шакар, ундан аввалги йилда кунгабоқар мойи таклифи ҳам талабдан ортиқ даражада бўлган, сотув бозорларини йўқотмаслик учун айрим мамлакатлар ва ишлаб чиқарувчилар демпинг чораларини ҳам қўллашди. Ўйлайманки, бизнинг давлатимиз ҳам ўтган ва ундан аввалги йиллари критик ҳажмларда ўсимлик ёғи захираларини шакллантириб олган. Бунинг учун махсус орган - Давлат захираларини бошқариш қўмитаси мавжуд. Унинг тизимида бир неча стратегик омборлар ва комбинатлар фаолият кўрсатади. Қўмита давлат стратегик захирасида моддий бойликлар тўпланиши, янгиланиши, алмаштирилиши, чиқарилиши учун масъул. Албатта, давлат захираларида қанча ўсимлик ёғи, ун ёки шакар мавжудлиги, захиралар қанча муддатга етиши давлат сири ҳисобланади. Лекин бозорда юз бераётган ўзгаришлардан келиб чиқилса, ўсимлик ёғи бўйича захираларни ишга солиш, мувозанатли вазиятга қайтиш учун аста-секин бозорга чиқарилишга ўтиш вақти келди назаримизда.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin