Гаражларни бузганларга баннерларни бузиш чикора
«Агар биз реклама баннерини олиб ташлаш учун қандайдир асоси борми, нимага асосан бундай иш қилиняпти, деб сўрасак, юқоридан шунақа буйруқ берилганини айтишмоқда. Лекин бизга ҳеч қанақа «буйруқ» кўрсатилмаяпти».
«Барча реклама баннерларимизнинг ҳужжатлари жойида. Солиқларни ўз вақтида тўлаб ишлаб келаётгандик. Бундан ташқари, 5-6 нафардан ходимларимиз бор, уларга ҳам ишчи ўрни яратганмиз. Бизга реклама берган тадбиркорларнинг аҳволи нима бўлади? Нега бундай қонунсизлик ва ўзбошимчалик билан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузишаётганидан ҳайронмиз, мулкларимизни кечаси билан ҳимоя қилиб чиқишга мажбур бўляпмиз».
Тошкент шаҳрида ташқи реклама объектлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз бузиб ташланаётганлиги бўйича нима дейиш мумкин?
Биринчидан, гаражларни бузганларга баннерларни бузиш чикора. Бозорни бузиш ҳам, уй ва офисни бузиш ҳам. Бизнесни тортволиш ҳам. Чунки мулк ҳуқуқи қуш ҳуқуқидан қуйига инган. Мамлакатда қонун йўқ, лекин оғзаки топшириқ бор.
Иккинчидан, бу турли даражадаги инвесторларга сигнал. Ўзбекистонда пул топаман, инвестиция қиламан дея хоматама бўлма, авваламбор, бу ерда ҳаммаси бизники. Келишсанг, бизни рози қилсанг, ишлайсан. Бўлмаса, жонинг омонлигида туёғингни шиққиллат ёки қадам изи қила кўрма.
Учинчидан, бузғунчилик Тошкент шаҳар ҳокимиятининг сукут аро муносабати билан юз бераётгани инобатга олинса, реклама баннерлари бозорининг янги, якдона эгаси пайдо бўлади. Ва биз бу якдона эгаси ким бўлишини гумонлар ва уч мартада топиш йўли билан аниқлаб олишимиз мумкин. Уларни танийсиз.