Жунглида янги хўжайин: реклама билбордларининг бузди-буздиси яна бошланиши мумкин
Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига кўра, 2023 йил 1 декабрга қадар ташқи реклама ва ахборот конструкциялари хатловдан ўтказилади.
Ҳеч ким сайламаган ҳокимликка ишонилса, ушбу тадбирлар ташқи реклама бозорининг иштирокчилари учун тенг имкониятлар яратиб, мулк дахлсизлигини таъминлаш ҳамда соҳага оид муносабатларни рақамлаштириш мақсадида амалга оширилиши керак.
Лекин қарор 11-банди ва унинг иловасига кўра ташқи реклама объектларининг ялпи демонтажи юз беришини кутиш мумкин. Демонтаж қилинган ташқи реклама конструкцияларини вақтинча сақлаш учун Тошкентда нақ 8та манзилда жой ажратилган.
Шунингдек, қарорда акс этган рақамлаштириш мақсади ҳам кулгули ва иккиюзламачиликнинг ўзгинаси. Чунки энди, бундан буён ҳар 6 ойда бир марта хатлов ўтказиши керак.
Эслатиб ўтамиз, охирги марта ташқи реклама объектларининг ялпи хатлови 2021 йилда, ўша вақтдаги жунгли эгаси манфаатлари учун ўтказилган ва ўшанда пойтахтдаги реклама билбордларининг ярмидан кўпи бузиб ташланганди. Кейин орадан бир оз вақт ўтмай, ўша бузилган жойларда янги хўжайинларга тегишли бўлган тузилмалар билан келишилган ҳолда яна реклама билбордлари пайдо бўлган. Яъни бузишдан ягона мақсад ташқи реклама тизимини тартибга солиш эмас, ташқи рекламадан тушадиган, расмий ва миллиардлаб норасмий даромадларни бир қўлли қилиш ва янги чўнтакка йўналтириш бўлган.
Бу сафар ҳам бузғунчилик ўтган сафаргидан заррача фарқ қилмаса керак, чунки буларнинг мақсади чўнтакларни алмаштириш холос. Тайёргарлигингизни кўраверинг, ҳурматли ташқи рекламачилар. Жунглининг хўжайини алмашган.