16K89Telegramda ochish
Пойтахт тадбиркорлар учун хатарли ҳудудга айланмоқдами? Тўғриси, шунақа ишлар ҳудудларда, зўравон ҳокимлар илкидаги вилоят ва чекка туманларда бўлса, биров ҳайрон бўлмайди. Лекин охирги ойларда бўлаётган антиқа ишларга қаралса, айнан пойтахт Тошкент тадбиркорлар устидан масъулиятсиз ва оқибатларини ўйланмаган тажрибалар ўтказадиган маконга айланаётганга ўхшайди. Йил бошидан бери пешлавҳа қирғини, дўкон-бекатлар ғорат қилиниши, янги қурилган нотураржой мулкларларни рўйхатда олишда қўшимча солиқ ҳисоблаш каби ноу-хаулар ҳам айнан Тошкентда рўй берди ва бермоқда. Энди бу қийшиқ тажрибалар қаторига тадбиркорларга ҳокимиятнинг ўзи берган реклама паспортларини бекор қилиш ҳам қўшилган. Кунўзнинг ёзишича, ҳокимиятнинг Рақамли ривожланиш департаменти (ҳа, ўша, ҳокимиятнинг қачонлардир энг илғор ва прогрессив қаноти) кўп қаватли уйлар томига ўрнатилган реклама конструкцияларини демонтаж қилиш бўйича тадбиркорларга талабномалар юбора бошлаган. Ҳокимлик ўзи 2034 йилгача берган реклама паспортларини ўзи бекор қилмоқчи. Кўз ўнгимизда ажойиб зўбидин прецедент ясалмоқда. Демак, исталган давлат органи ўзи берган ҳуқуқни (ҳатто мулк ҳуқуқигача) ўзи исталган пайт янги қоидалар киритиб, тортиб олиб қўйиши ёки чеклаши мумкин. Эмишки, Тошкент шаҳрининг дизайн-коди талаблари ва бир томонлама тузилган оферта қоидалари Президент қароридан ҳам, қонундан ҳам устун. Бу туришда, пойтахт бизнеси тадбиркорлик фаолиятининг мулк ва бошқа ҳуқуқларини кафолатлаган қонунни ҳам унутишса бўлаверади. Кеча ҳокимиятда юрист йўқмикан, дея ҳайрон бўлувдик, эҳтимолки, пойтахт маъмуриятида репутация ва инвестмуҳит ҳақида қайғуриш ҳам йўққа ўхшайди. Шундай тасаввур уйғонмоқдаки, ҳокимликни нима қилиб бўлсаям бугун ва шу онда пул топиш қизиқтираётгандек, бу ўрта ва узоқ муддатли истиқболда қандай мудҳиш оқибатлар яратиши мумкинлигини ўйлайдиган бирон инсофий йўқдек. Наҳотки, ҳокимият билан тузилган битим ўша битим туширилган қоғоздан ҳам арзон турса?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin