Тадбиркорларнинг "пешлавҳа ўлпонига" эътирозлари инобатга олиниши керак
Рақобат қўмитаси Ташқи ёзувлар, хусусан пешлавҳаларни тартибга соладиган ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокама учун жойлаштирган. Мазкур ҳужжатни, агар қабул қилинса, 2023 йил 31 августда қабул қилинган ва 1 кв.мдан катта пешлавҳаларни ҳам реклама деб ҳисоблашга асос бўлган ташқи реклама бўйича қаттиқлаштирилган қарорнинг давоми деса бўлади.
Назаримда, қарор қабул қилувчилар икки ойдан бери давом этаётган пешлавҳа можаросида билдирилаётган эътирозларга жиддий қулоқ солишмаяпти (лойиҳадаям шуни кўриш мумкин).
Бузди-узди каби маъмурий вандалликдан ва паспортни расмийлаштира ололмаслик бюрократиясидан ташқари тадбиркорлар биринчидан, 1 кв.мдан катта пешлавҳаларнинг реклама объекти деб ҳисобланаётганидан норози ва буни такрорлайвериб чарчашди. 2023 йилгача 5,5 кв.мдан ортиқ пешлавҳа ҳажми реклама объекти ҳисобланарди ва бирданига бу кўрсаткич 2 баравар, 3 баравар эмас, 5,5 карра қисқартирилган. Нима учун айнан 1 кв.м? Бунинг иқтисодий, ижтимоий, эстетик ўлчов ва мезонлари қаердан олинган?
Иккинчидан, пешлавҳаларнинг 1 кв.м.дан ортиқ қисми реклама деб топилгани сабабли, тадбиркорлар пешлавҳанинг ўзигаям йиғим тўлаши керак бўлиб қолган. Айтайлик, пешлавҳанинг 2,19 кв.мгача қисми кичик форматдаги, 2,2 кв.м.дан ортиқ қисми ўрта форматдаги реклама объекти. Яъни, "пешлавҳа ислоҳотидан" асл мақсад ўзи ўлпон ундиришдек. Энг қизиғи йиғим бир марталик эмас, ҳар ойлик.
Учинчидан, "пешлавҳа ислоҳотидан" бизнесга ва истеъмолчиларга етказилаётган зараркунандаликниям бир ҳисоблаб кўринглар, барака топгурлар. Истеъмолчилар ва бизнес ўртасидаги робита ва коммуникацияни узиш қанчага тушаяпти? Иқтисодиёт 8%га ўсаяпти, деб тадбиркор устидан тажриба ўтказиш ўтган ёмон замонда бўларди.
Шунинг учун, реклама деб ҳисобланмайдиган пешлавҳа ҳажми тадбиркорларнинг талаб ва позициялари эшитилиб, қайтадан кўриб чиқилиши (оширилиши) лозим. Йиғимларнинг қиймати (айниқса Тошкент шаҳрида) ва даврийлиги масаласида ҳам манфаатли консенсус керак (ўзи ташқи рекламадан тушаётган йиғимларнинг ҳисобдорлиги йўқлиги алоҳида масала).
Лойиҳа бўйича фикр ва мулоҳазалар албатта билдирилиши зарур, акс ҳолда, эртага яна тадбиркорларнинг ўзлари балогардон деб айтилади.