Яримўтказгичлар муаммоси ортга қайтмоқда. Автомобиль ишлаб чиқариш яна ортади
Ўтган йили коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият бозорда кутилмаган ўзгаришларни яратди. Шулардан бири йигирима биринчи асрнинг биринчи йилида ишониш қийин бўлган ҳолат - яримўтказгичлар, яъни микрочиплар дефицити муаммоси ҳисобланади.
Ўтган йили пандемия чекловлари бошлангач, талаб камайишини олдиндан инобатга олиб йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилар ярим ўтказгичларга буюртмаларни бекор қила бошлашди. Микрочип ишлаб чиқарувчилар бир неча ойда яримўтказгичлар ишлаб чиқаришни каррасига камайтириб юборди. Бу орада эса микрочипга янги бир соҳадан талаб ортиб кетди. Пандемия чекловлари бутун дунё бўйлаб ноутбук ва планшетларга талабни кучайтириб юборди. Япониядаги микрочип ишлаб чиқарувчи заводлардаги ёнғин, шунингдек Техасдаги заводларнинг тўхтаб қолиши вазиятни янада чигаллаштириб юборди.
Бошқача айтганда микрочип ишлаб чиқарувчиларнинг чекланган таклифини электроника ва компьютер ишлаб чиқарувчилар деярли эгаллаб олишди. Автомобиль ишлаб чиқарувчилар эса бир томондан ўзларининг оқланмаган прогнозларига асосланиб кўрилган ҳаракатлар сабабли қуруқ қолишди. Айни вақтда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳам кутилганидан тезроқ тиклана бошлади.
Микрочип дефицити муаммоси Ўзбекистонга ҳам етиб келганидан хабардорсиз. 2021 йилнинг биринчи чорагида Ўзавтомоторс ишлаб чиқаришни қирқ фоиздан ортиққа камайтиришга тўғри келган. Эътибор берсангиз, айни шу сабабли ҳам, яъни микрочиплар чекланганлиги туфайли монополият асосан рентабеллиги юқори бўлган автомат коробка ўрнатилган автомобилларни ишлаб чиқармоқда. Нархи пастроқ, рентабеллиги ҳам шунга мувофиқ автомашиналар ишлаб чиқариш эса деярли тўхтатилган.
Маълум бўлишича, 2021 йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб микрочипга талаб ва таклиф фарқи қисқариб бормоқда ва чорак якунида деярли мувозанатга эришилади. Прогнозларга кўра йил охиригача омборларда етарли захиралар жамғарилгач микрочиплар билан боғлиқ муаммо узил-кесил сўрилиб кетади ва яримўтказгичлар нархлари ҳам барқарорлашади.
@the_bakiroo