Муддатли депозитлар ставкалари турлича ўзгармоқда, кредитлар фоизлари эса аста пасаймоқда
Миллий валютада:
Жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари ўртача тортилган ставкаси 0,2 фоиз бандга ошиб, 19,3%гача етган. Аҳоли омонатлари ставкалари 2020 йил декабрдан буён муттасил ошиб бормоқда.
Айни вақтда корпоратив мижозларнинг депозитлари ўртача ставкалари 0,4% бандга пасайиб, 16,3%ни ташкил этган.
Чакана ва корпоратив депозитлар ставкалари фарқи охирги 10 ойдаги максимумга етиб, 3%ни ташкил этган. Одатда чакана ва корпоратив депозитлар ставкалари ўртасидаги фарқ максимуларидан кейин чакана депозитлар ставкалари секин-аста пасайишни бошлайди.
Хорижий валютада:
Аҳолининг муддатли депозитлари ставкалари хорижий валютада ҳам ошиб бормоқда ва 0,2 фоиз бандга ошиб, 4,2%ни ташкил этган.
Корпоратив мижозларнинг хорижий валютадаги муддатли депозитлари ставкалари барқарор эмас. Охирги ойда ўртача ставкалар 0,5 фоиз бандга пасайиб, 3,5%дан иборат бўлган.
Валютадаги чакана ва корпоратив депозитлар ставкалари фарқи охирги 8 ойдаги максимумга етиб, 0,8%ни ташкил этган.
Миллий валютада ҳам, хорижий валютада ҳам кредитлар ўртача ставкалари пасайишни бошлагани инобатга олинса, яқин орада тижорат банклари маржиналликни сақлаш учун депозитлар бўйича ставкаларнинг пасайишни бошлашини кутиш мумкин, қолаверса бозорда пул таклифи ва ликвидлик сезиларли тарзда ўсиб бормоқда. Шу маънода май охири ва июнь ойининг боши ҳозирда мавжуд юқори ставкалардаги омонат ва депозитларга маблағ жойлаб олиш учун мазкур йилдаги энг қулай давр бўлиб қолиши мумкин.
@the_bakiroo