Маҳаллабай - энди бизнинг "Маданий инқилобимиз"ми?
"Маҳаллабай" ишлаш тизими тобора институционаллашаяпти. Аввалбошда бу яқинлашаётган сиёсий кампания олдидан вақтинчалик жараён экани ҳақида умидлар йўқ эмасди. Лекин энди бу оғзаки гап эмас, ижтимоий, иқтисодий категория ўлароқ қўштирноқсиз ишлатила бошланди. 2021 йилнинг ўзида сарлавҳасида ушбу калима ишлатилган иккита ҳукумат қарори ва битта Президент қарори расмийлашди.
Охирги ҳукумат қарори 2021-2022 йилларда Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари билан боғлиқ. Шу ҳужжатда ҳам калит сўз - маҳаллабай. Қарор номи маҳаллабай ишлаш тизими орқали деб бошланади.
Унга кўра, хусусан, Бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ҳар ҳафта Тошкент вилояти ҳудудларига чиқиб, «маҳаллабай» ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб бориши белгиланган.
Маҳаллабайчилик асосида ҳар бир туманнинг ўсиш нуқталари белгилаб олинган. Масалан, Тошкент туманида мева-сабзавотчилик, саноат (тикув-трикотаж) ва уй-жой қурилиши ўсиш нуқталари ўлароқ қайд этилган. Мева-сабзавотчилик, саноат (тикув-трикотаж) туманнинг азалдан муҳим иқтисодий базаси бўлган. Булар қаторига уй-жой қурилиши қўшилмоқда, демак туманни Тошкент шаҳри ютиб юборишда давом этади. Қизиғи, сувсизлик энг катта муаммо бўлган туманда қурилган уй-жойларга талаб қандай бўларкин?
Шу ўринда Маҳаллабайчиликни Хитойда Мао Цзедун бошчилигида амалга оширилган "Маданий инқилоб"га қиёслагинг келади. Ҳа, оқибатлари ва кўлами бўйича "Маданий инқилоб" фарқланади. Лекин айрим белгилар, масалан, номенклатуранинг садоқатини аниқлаш, янги селекция ва вертикал яратиш, ўзгача сифат мезонларини белгилаш ва пастга тушиб ишлаш талабларининг "Маданий инқилоб"нинг шиори "Тоғларга чиқиш, қишлоқларга тушиш" принципларининг айнан ўзгинаси эканига эътибор қаратмаслик мумкин эмас.
@the_bakiroo