Кредитлаш фаоллашмоқда, хатарлар ҳам ошмоқда
Май ойида банклар кредитлашда анча фаоллашган, ой давомидаги кредит қолдиғи деярли 2 фоизга ошган ва 298 трлн.сўмга етган. Кредит қолдиғининг ўсиши мақсадли кўрсаткичи - ЯИМ номинал ўсишидан ошмаслигини таъминлаш бу йил ҳам қийин бўладиган кўринади. Афсуски, маъмурий, ижтимоий характерга эга кредитларнинг ўсиши ҳар йилгидек давом этмоқда.
Табиийки, муаммоли кредитлар ҳажмининг кўпайиши кредитлаш фаоллигининг ошиш суръатидан баландроқ бўлган. Ой давомида муаммоли кредитлар 1 трлн.сўмдан зиёдга кўпайган ва 14 трлн.сўмга етиб борган. Бу кредит қўйилмаларининг 4,7%и.
Айни вақтда банклар кредитлар бўйича йўқотишлар ўрнини қоплаш учун захиралар тузишда давом этишмоқда. Май ойининг ўзида қарийб 700 млрд.сўмлик қўшимча соф захиралар тузилган.