Афғонистондаги хаос - иқтисодиёт учун янги йўқотишлар
Толиблар назоратига ўтгунча бўлган Афғонистон расмий статистика бўйича Ўзбекистоннинг 7- рақамли савдо ҳамкори эди (экспорт бўйича ТОП-5).
Ўзбекистон экспорти ҳажмининг 5%и, олтинсиз экспортнинг эса 6%идан зиёди айнан Афғонистон ҳиссасига тўғри келган. Солиштириш учун, ён қўшнилар - Туркманистон ва Тожикистон билан савдо алоқаларимиз ҳажми Афғонистон билан алоқалар ҳажмидан ҳалигача 40-50% ортда.
Ўзбекистон Афғонистонга электр энергия. ёқилғи, озиқ-овқат (ун ва буғдой) сотган. Энг хавфсиз ва қулай коридорга эга Ўзбекистон Афғонистонга транзит хизматларидан ҳам яхшигина даромадлар ишлаб келаётган эди.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро донорлар ҳисобига “Мозори Шариф – Кобул” йўналишида темир йўл қурилишининг асосий пудратчиси ҳам эди.
Яна Афғонистон тўловга лаёқатли ҳамкор бўлган. Мамлакатнинг доимий донорлари ва кафолатчилари ўзаро ҳисоб китобларда муаммолар яратмаган.
Бошқача айтганда,толиблар тимсолида Афғонистонга хаос келиши Ўзбекистон учун йиллик ҳисобда камида 700-800 млн.долларлик йўқотишлар дегани. Бу билвосита - шундоқ биқинимизда ўрта асрлар қора салтанатининг бунёд бўлиши билан боғлиқ кредит, инвестицион ва транзакцион йўқотишларни ҳисобга олмаганда. Халқаро капиталнинг Марказий осиёга кириб келишининг бусиз ҳам юқори бўлган нархи, табиийки, энди яна ортади.
Бундан буён қисқа ва ўрта истиқболда, агар фавқулодда кутилмаган геосиёсий омиллар юзага чиқмаса, 2020 йил августгача бўлган статус-кво сақланиши жуда қийин. Толиблар аввал ҳукумат яратиши (сайловлар бўлишини тасаввур қилиш қийин), бу ҳукумат халқаро ҳамжамият (хусусан Ўзбекистон) томонидан тан олиниши. мамлакатнинг иқтисодиёти қайтадан тикланиши зарур. Толиблар қўл остида замонавий банк тизими бўладими ёки йўқ - бу ҳали катта савол. Эслаш учун: толиблар 1996-2001 йилларда иқтидорда бўлган даврда банк тизими бутунлай йўқ қилинган.
Афғонистоннинг барча пул оқимлари шу пайтгача сиёсий, ҳарбий ва молиявий элита қўлида жамланган эди. Айнан улар бугун мамлакатни тарк этмоқда. Орттирилган бойликлари билан. Ҳа, афғон элитаси халқ ва ҳукуматни ҳимоя қила олмади (балки улар бундай вазифани қўймагандирлар ҳам), лекин йиққан ва ўғирлаган бойликларини асраб қолишни уддасидан чиқди. Яқин йилларда сармоядорларнинг толиблар қўл остидаги Афғонистонга яқинлашиши жуда қийин масала.
@the_bakiroo