Вазир ва ҳокимлар ҳар куни автомобилсиз ҳаракатланиши керак
Халқаро автомобилсиз кун муносабати билан айрим вазирлар уйдан ишга пиёда етиб боришганини қайд этишмоқда. Албатта, бу олқишга сазовор.
Чунки пиёда ҳаракатланганидагина амалдорлар манзилдан манзилга етиб боришда одамлар қандай муаммоларга рўпара бўлишаётганини ўз кўзи билан кўради, ўзи оёғи билан ҳис этади.
Ишонинг, агар Артикходжаев ҳар куни маҳалласидан пойтахт ҳокимиятигача 45 минутда келишидан келмаслиги номаълум бўлган автобусда борганида эди, бугун пойтахтда жамоат транспорти аҳволи бошқача бўлган бўларди.
Ёки Раматов ўзи қурган ер усти кўприклардан эскалатор ё лифтсиз ҳаракатлана олмай довдираётган болали оналар, қарияларни, ногиронларни кўрганида, ер усти метро бекатларидан чиқишда светофор ўргатилмаган 12 полосали трассаларнинг пиёда йўлакларидан чопиб ўтишга мажбур бўлаётган ўқувчиларни қандай хавф остида қолаетгани кўрганида ёки ҳеч бўлмаса ўзи шу йўлаклардан юрганида биз бошқа Тошкентни, инсонни қадрлайдиган Тошкентни ярата бошлардик.
Шунинг учун ўзбек амалдорлари тротуар ва кўчаларда пиёда ҳаракатланиши, автобусда, метрода юриши керак. Ҳар куни юриши керак.
Шунда одамлар учун жамоат транспорти, одамлар учун қулай жамоат маконлари пайдо бўлади. Кейин қарабсизки, ўзбек чиновниклари пойтахтда ё улар раҳбарлик қилаетган шаҳарларда ўз хоҳиши билан автомобилларга ўтирмай қўйишади. Чунки шуниси, автомобилсиз ҳаракатланиш афзалликка айланади.
@the_bakiroo