Иккиламчи бозордаги автомобиллар олди-сотдисидаги божлар пасайтириладими?
Депутат Дониёр Ғаниев давлат бюджетининг параметрларини шакллантиришда автомобил олди-шартномасини расмийлаштириш учун белгиланган тўловлар миқдорини пасайтириш масаласи бўйича ҳукуматга сўров киритганини маълум қилмоқда.
Кам сонли бўлсада сайланган депутатларимизнинг бюджет жараёнларига фаол аралашуви, дадиллиги, шижоати ва энг асосийси, сайловчилар берган мандатни оқлаётгани жуда хурсанд қилади.
Автомобиль ишлаб чиқарувчи миллий компаниямиз иккиламчи бозорни, яъни эски машиналарни ҳалигача ўзининг жиддий рақобатчиси ўлароқ кўради, бу ҳатто ўзлари ишлаб чиқарган автомашина бўлса ҳам. Шунинг учун иккиламчи бозорда автомобиллар олди-сотдиси давлат божлари, ДЙҲХда рўйхатга қўйиш учун йиғимлар ҳисобига максимал даражада қиммат қилиб қўйилган. Баъзида олди-сотди шартномасини расмийлаштириш автомашина қийматидан ҳам қимматга тушади.
Шунинг учун ҳам оддий ўзбекистонликлар машина олди-сотдисида олди-сотди шартномаларини эмас, арзонроқ тушиши учун фойдаланиш ёки бошқариш билан боғлиқ ишончномаларни расмийлаштиришга кўп ружуъ қўйишган.
Бунинг ортидан қанчадан қанча можаролар, низолар келиб чиқаётгани бежиз эмас. Аждарҳоларча божлардан ютаётган бўлса муттаҳамлар ютмоқда. Монополистнинг тор манфаатлари ютмоқда. Халқ ютқазмоқда. Чуқурроқ ҳисоб-китоб қилинса, давлат бюджети ҳам ютқазмоқда.
Умид шуки, ҳукумат янги бюджет лойиҳасини тайёрлашда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратади.
- https://t.me/D_Ganiyev/890@D_Ganiyev