Монополистни жазолашга уриниш ўзингни ўзинг жазолашга айлантирилгани ҳақида
Troll.uz автомашина олишни режалаштираётган ва Ўзбекистондаги монополистга қарши принципда қатъий турадиганлар учун монополист машиналарининг ўрнига бошқа илгари фойдаланувда бўлган машиналарни олиш ҳақида ўйлашни сўраяпти. Яхши таклиф, лекин, афсуски, монополист ва уларнинг чатишиб кетган шериклари бунинг олдини ҳам олиб, анча-мунча бож ва йиғимларни жорий қилиб қўйишган.
Импорт автомашиналар учун аждарҳоча божлар фақат импорт божлари билан тугайди, деганлар қаттиқ янглишади.
Масалан, сиз 2010 йилда ишлаб чиқарилган 200 от кучига эга Тойота автомашинасини бозордан сотиб олмоқчисиз дейлик. Олди-сотди шартномасини нотариусда расмийлаштиришга 1 115 минг сўм тўлайсиз. Кейин ушбу машинани ЙҲХБ (ГАИ)да рўйхатга қўйиш учун 2 676 минг сўмни қуртдай санаб олишади.
Жами 3 791 минг сўм.
Кўраяпсизми, 10 йиллик эски машинани сотиб олишингиз учун ҳам отнинг калласидек харажат қилишингиз лозим. Чунки бизнинг бошимизга миниб, қонимизни сўраётган монополист шу эски машиналарни ҳам ўзининг рақобатчиси ҳисоблайди.
Шунинг учун ҳам оддий ўзбекистонликлар машина олди-сотдисида олди-сотди шартномаларини эмас, арзонроқ тушиши учун фойдаланиш ёки бошқариш билан боғлиқ ишончномаларни расмийлаштиришга кўр ружуъ қўйишган. Машина олди-сотдиси, банкларда гаров расмийлаштирилиши билан боғлиқ минглаб можароларни келтириб чиқарувчи сабабларнинг бир учи пировардида шу масалага бориб тақалади.
Дарвоқе, тизим ичида фаолият кўрсатувчи инсофий вакилларнинг айтишича, монополист иккиламчи бозорни, яъни эски машиналарни ҳалигача ўзининг жиддий рақобатчиси ўлароқ кўради, бу ҳатто ўзлари ишлаб чиқарган автомашина бўлса ҳам. Шунинг учун ҳам иккиламчи бозорда нархлар тушиб кетиши монополист учун катастрофага айланади, қайси оммабоп автолар нархи бозорда пасайишни бошласа ўша русумдаги автоларни ишлаб чиқаришда вақти-вақти билан узилишлар, дефицитлар яратиб турилади. Масалан, шу кунларда автосалонларда Спарк механика таклифи йўқ, анқонинг уруғи. Ёзда ва баҳорда бу русумдаги автомашина бозорда "бери-не хочу" даражасида арзонлашиб кетганди. Қарабсизки, энди дефицит.
Мана шунақа, ўртоқ Troll.uz, монополистни бошқа танлов билан жазолашга уриниш истеъмолчининг ўзини ўзи жазолаш даражасига келтириб қўйилган. Сиз ўзингизни жазолашга кўп шошилмай туринг.
@the_bakiroo
- https://t.me/trolluz/7870@trolluz
- https://lex.uz/docs/4680944lex.uz
- https://lex.uz/docs/4635016lex.uz
- https://Troll.uztroll.uz