Нон нархи эркинлаштирилгани эсингиздами?
Ҳозир кўпчилик эслай ҳам олмайди, бундан 2 йил аввал Ўзбекистонда нон нархи эркинлаштирилган эди.
Ҳукумат қарори билан 2019 йил 15 октябрдан ун ва нон ишлаб чиқариш тизимида бозор механизмлари жорий этилган эди. Ўшанда бир кун ичида "ижтимоий нон" дейилган буханка нархлари икки, ҳатто уч баробаргача сакраган эди.
Лекин жуда қисқа вақт ичида нон нархи барқарорлашган, талаб ва таклиф мувозанати қайта ишга тушган эди. Чунки Ўзбекистонда ноннинг битта эгаси, ун импортининг битта эгаси, буғдойнинг битта эгаси, новвойларнинг ягона хўжайини йўқ эди. Бозор ишга тушиб кетиши учун барча шартлар нон нархи эркинлаштирилгунча шаклланган ё аввалдан мавжуд бўлган.
Шунинг учун ҳам, гарчи энг асосий истеъмол товари бўлишига қарамай нон нархи эркинлаштирилгани унчалар оғриқли кечмаган. Бу воқелик ҳатто ҳозир кўпчиликнинг ёдида ҳам йўқ. Гўёки бизда нон нархи ҳамиша эркин бўлгандек.
Нега бензин нархи эркинлаштирилиши бунчалар оғир ва азобли тарзда ўтаётгани ҳақида гапирганда, биз ноннинг эркинлаштирилиши муваффақиятли кечгани сабабларини ўзимиз учун яна бир бор эслашимиз керак бўлади.
Нон нархи эркинлаштирилишига нега атайин тўхталдим?
Твиттерда Беҳзод Ҳошимов "Сув, чироқ, газ ва кўмир учун нарх ошиши керак" деган твит қолдирди. Ҳозирча аксар фойдаланувчиларнинг изоҳлари ижобий эмас. Нега? Чунки шундоқ кўз ўнгимизда бензин билан боғлиқ ёмон кейс турипти.
Айни вақтда Беҳзод янги тушунтиришларни, далилларни қўшиши билан эркинлаштириш ҳайрихоҳлари ҳам ўз изоҳларини қолдиришни бошлади.
Демак нима қилиш керак?
Демак аввал ўзимиз ва бизгача бўлган энг яхши, муваффақиятли тажрибаларга мурожаат этиш лозим. Энг ёмон хатоларимизни эса такрорлашдан тийилиш даркор.
Ва Халққа тинимсиз тушунтириш зарур. Ўртада Ишонч кўприги пайдо бўлиши керак.
Халқ нархларни эркинлаштириш ислоҳотини бошлаётганларда Жаллодни эмас, Жарроҳни кўриши, унга ишониши лозим. Жарроҳга ҳам қўллов, далда керак бўлади.
@the_bakiroo