Ёмон тажриба
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти учун эгилувчан тарифларнинг қўлланилиши кейинга қолдирилипти.
Мазкур қарор бу ерда айтилаётганидек тарихий воқеа эмас, аслида ёмон тажриба, жуда ёмон тажриба.
Биринчидан, Тошкент шаҳар кенгаши пойтахтликлар хоҳиш иродаларини ифода этадиган вакиллик органи эмас. Шаклланганида Артикходжаевга лоял ва яқин рўйхатдан ташкил топган бу формал орган эртага масалан, "тарифларни тасдиқланглар" деган топшириқ тушса, шу заҳоти савол қўймасдан, тасдиқлайди. Худди топшириқ тушганида ўзларининг севимли Артикходжаевларини ҳимоя қилиш ўрнига депутатлик мақомидан маҳрум қилганлари сингари.
Иккинчидан, сиёсий тадбирлар ва сиёсий жараёнларни деб ўта муҳим иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий қарорларни кейинга қолдиришдан Ўзбекистон фақат ютқазади ва ютқазиб келмоқда. Узоққа бормайлик, энергетика ислоҳоти 2019 йилда амалга оширилганида биз бу қадар ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий суверенитетга хавфлар жамланган жарлик ёқасига келиб қолмаган бўлардик. Аввалига парламент сайловлари, кейин пандемия, кейин президент сайлови, кейин шимолда юз берган провокация, кейин референдум ўтказиш дея кейинга суриб келинаётган ҳаётий муҳим ислоҳотдан ютқазганимиз ҳажмини ҳеч ким ҳисоблаб кўргани йўқ. Қайд этиш зарурки, бугун амалга оширилиши лозим ишларни бугун амалга оширилиши бўйича Давлат раҳбарида тўлиқ ва тўкис мандат бор. Халқнинг қўллови ҳам. Шу маънода, жуда катта маблағ ҳисобига янгиланаётган жамоат транспорти самарали фаолият кўрсатиши учун янги тарифларга ўтишнинг аҳамиятини пенсионердан талабагача ҳамма тушуниб турипти. Шундай вазиятда жамоат транспорти эгилувчан тарифларининг кейинга сурилиши яна 5-10 автобус қийматидаги зиёндан бошқа нарса бўлмайди.
Учинчидан, мана шу ёмон тажриба тепадан пастга қараб барча бўғинларда ёмон анъанани яратиб бўлди. Қайси соҳа раҳбарига борсангиз, энг муҳим ишлар бўйича референдумдан кейин гаплашайлик, сайловдан кейин гаплашайлик деб шаблон баҳонани эшитасиз. Ўзбек амалдорлари қарор қабул қилмай қўйган ва бу уларга жудаям ёқиб туша бошлаган. Қарор бўлмаса, савол ҳам бўлмайди, эътироз ва шикоят ҳам. Хатоларни гапирмасаям бўлади. Қарабсизки, комфорт зонада қолавериш мумкин. "Ҳар йили сайлов бўлса, қулоғимиз тинч бўларкан" қабилидаги реалликларга кўникиш пайдо бўлди. Буям майли, қовун туширган ё коррупционер чиновникларнинг ишдан олиш ҳам "тадбир"дан кейинга, номаълум муддатларга қолдирила бошланди.
Номенклатурадаги турғунлик номенклатуранинг ўзида қолса майлийди, лекин бу иқтисодий ва ижтимоий ҳаётимизга жуда тез кўча бошламоқда. Мана шуниси оғриқли.
P.S. Ўтган йили олдинда муҳим сиёсий тадбир бор дея 1 июндан ғалла нархларининг эркинлаштирилиши юз бермаганида, бу бўйича иродали қарор қабул қилинмаганида, нон нархини, ун нархини пасайтириб туриш керак деган аномал телбаликлар ҳалиям давом этаётган бўларди. Кўрингки, бугун ҳеч ким ун нархиниям, нон нархиниям эслаётгани йўқ, ҳаммасини бозорнинг ўзи мувозанатга солмоқда.