Давлат қарзи ўсиши тезлашган: бюджет дефицити қарз ўсиб боришининг асосий омилларидан
Охирги уч ойда давлат қарзи 1,1 млрд.долларга ошган (ички қарз 0,2 млрд.долларга, ташқи қарз 0,9 млрд.долларга) ва 25,3 млрд.долларни ташкил этган.
ЯИМ тезроқ ўсгани ва курс барқарорлиги сақлангани учун давлат қарзининг ЯИМдаги улуш 38,4%гача пасайган (-0.1%).
Давлат ташқи қарзи таркибида энг кўп қарз жамғарилган учта йўналиш ўзгармай қолмоқда. Булар:
Бюджетни қўллаб-қувватлаш;
Электр-энергетика;
Нефть-газ.
Қарз манбалари бўйича олганда Хитой ҳақдорлар орасида Жаҳон банкини ортда қолдириб 2- ўринга чиқиб олган. Демак энг йирик учта ҳақдоримиз:
Осиё тараққиёт банки;
Хитой давлати ва банклари;
Жаҳон банки.
Давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари ошиб бормоқда. Ўтган 9 ойда ЯИМнинг 2,25 фоизини қарзга хизмат кўрсатишга сарфлаганмиз. Ўтган йили шу вақтда бу кўрсаткич 1,77 фоиз эди.
Мазкур ҳисобот ташқи қарз таркибида хусусий деб аталадиган корпоратив қарзларни ўзи ичига олмаслигини назарда тутиш лозим.
Шу кунларда, парламентга "Давлат қарзи тўғрисида"ги қонун лойиҳаси киритилган ва муҳокамалар бошланган. Депутат Ғаниевга кўра, муҳокамаларда давлатнинг шартли мажбуриятлари, яъни давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналарнинг давлат кафолатисиз жалб қилган қарз маблағларини йиллик лимити ёки ушбу мажбуриятлар бўйича хатарларни бошқариш қоидалари ҳақида саволлар пайдо бўлиши мумкин.
Кейинги уч йилда ташқи қарз ўсишининг асосий омили бюджет дефицити бўлиб қолмоқда. Демак, бюджет дефицитини қисқартириш (харажатларни камайтириш орқали) вазифаси муҳимроқ мезон бўлиши лозим.