Ижтимоий келишув бўлмаган қонунлар ҳақида
Адлия вазирлигининг Кушербаевнинг ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлари бўйича баёноти билан танишиб беихтиёр яхши қонунлар ва ёмон қонунлар ҳақидаги ҳуқуқ ва морал баҳсларига киришмаслик мумкин эмас.
Инсоният тарихида қабул қилинган қонунлар, ўзимизнинг янги ва энг янги тарихимиздаги қонунларни кўз олдимизга келтирсак, уларнинг шартли равишда яхши ва ёмон қонунларга ажратиш мумкин.
Совет иттифоқида 1937-38 йилларда амалга оширилган қатағонлар совет қонунчилиги бўйича қонуний бўлган. Унга қарши чиққанлар жиноятчи саналган. Қонун бўйича.
Гитлер Германиясида еврейларни концлагерларда сақлаш ва печкаларда ёқиш билан йўқотиш 3- рейхнинг Nürnberger Rassengesetze деб аталган қонуни доирасида амалга оширилган. Бошқача айтганда рейхнинг душманлари ва еврейлар амалдаги қонун доирасида йўқ қилинган.
Гитлер ва Сталинни тинч қўяйлик. яқин ўтмишимизда амалда бўлган Прописка қонунлари ҳам қонуний бўлган. Қонун номи билан ўзбекистонликлар пойтахтга киритилмаган ёки мулк сотиб олишига йўл қўйилмаган.
Бундай мисолларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Пулли тонировка ёки жарималар ҳам қонуний. Бюджет соҳасида ишламайдиган аёлларга декрет пули берилмаслиги ҳам қонуний. Олигархларга бюджет пулларининг тақсимланиши ҳам қонуний. Сервери Ўзбекистонга кўчирилмаган ижтимоий тармоқларни блоклаш, чеклаш ҳам қонуний.
Биласизми, биз қонуний деб санаган юқоридаги қонунларни нима бирлаштириб туради?
Улар ижтимоий келишув эмас.
Репрессияларни қонунийлаштирган Сталин Конституцияси совет халқи билан келишилмаган. Ёки Нюрнберг ирқ чекловларини немис халқи муҳокама этмаган. Ижтимоий тармоқларни блоклаш бўйича пештоқига Парламент деб ёзилган орган ёки ҳукумат халқдан мандат олмаган, яъни ижтимоий битим йўқ ўртада.
Шундай экан, инсоният тарихидаги, янги ва энг янги Ўзбекистон тарихидаги барча ёмон қонунлар бу ижтимоий келишув бўлмаган қонунлар. Улар доим зиён келтиради.
Ёмон қонунларнинг зиёнли эканини айтиш, бу ҳақида мулоҳаза юритиш бу - жасорат. Лекин Ёмон қонунларга амал қилмаслик ёки амал қилмасликка чақириш, эса афсуски, жиноят деб таснифланиши мумкин.
Чунки ҳуқуқ ҳар доим ҳам морал эмас. Морал эса ҳар доим ҳам ҳуқуқ эмас.
@the_bakiroo