Ҳокимга нега Мерседес "совға" қилишди?
Шаҳар ҳокимлигига фуқаро Латипова Зиёда Бахромовнага тегишли MERCEDES BENZ S500 HYBRID русумли, давлат рақами 01М798НВ бўлган қора рангли енгил автотранспорт воситаси текинга тақдим этилгани кечаги куннинг асосий ҳайратларидан бўлди.
Жамоатчилик Артикходжаевнинг бошқотирмасини ечолмай ҳалак.
Лекин сиртдан қарагандаёқ, иқтисодий мазмунга эга бўлмаган ушбу ҳаракатда бошқа манфаатдорлик мавжуд бўлганлигини билиш қийин эмас эди.
Хўш, унда манфаатдорлик қаерда деб сўрайсизми?
Манфаатдорлик Артикходжаевнинг қиммат хизмат машинаси миниш орзуси ва истакларида.
Ҳамма гап шундаки, Ҳукумат қарори талабларига кўра, Ҳокимларга бириктирадиган хизмат автотранспорт воситаларининг қиймати 2 000 базавий ҳисоблаш миқдоридан, яъни 540 млн.сўмдан ошмаслиги керак.
Лимитланган 540 миллион сўм атига 50 минг доллар бўлади, 50 минг долларга эса, афсуски, MERCEDES BENZ S500 HYBRID бермайди.
MERCEDES BENZ S500 HYBRIDнинг Тошкентда таклиф этилаётган варианти 250 минг доллар атрофида.
Шунинг учун, балки фуқаронинг ҳокимиятга қиммат машинани текинга тақдим этиш схемаси ўйлаб топилган.
Энди тушунарли бўлгандир иқтисодий маънога эга бўлмаган ҳаракатда манфаатдорлик қаерда ва кимда бўлгани?
Шаҳар ҳокимияти ёки ҳоким бошқа битимлар ва муносабатлар орқали фуқаро Латипова Зиёда билан қандай боғланганлигини билмайман. Бунинг учун ваколатли органлар бор. Масалан, Коррупцияга қарши кураш агентлиги бу иқтисодий маъносиз битим ва у билан боғлиқ манфаатдорликка ҳуқуқий баҳо берса бўларди. Битим ҳатто совға ўлароқ тушунтирилса ҳам, саволлар ёпилмайди, чунки умумқабул қилинган практикага кўра 20 доллардан ортиқ қийматдаги совға ҳам пора ўрнига ўтади.
Балки бу битим эртагаёқ ёпди-ёпди бўлиб, халқнинг хотирасидан ўчирилар. Лекин бу каби амалиётни узил-кесил тўхтатиш лозим.
Гап шундаки, агар жамият ва давлат ушбу ҳолатни қабул қилса, бу каби битимлар қўзиқориндек кўпаяди. Ахир қиммат машина минишни истаган вазирлар, ҳокимлар камми? Масалан, оилавий корхонага айланиб қолган қурилиш компаниясининг таъсисчиларидан бири вазирликка Rolls-Royce совға қилгиси кеп қолади, ё ҳокимнинг гулчи қизи отаси раҳбарлигидаги ҳокимликка ёки бошқа бир ҳокимнинг кўчатчи укаси акаси ишлаётган ҳокимликка беғараз тарзда Bugatti топширишни истаб қолади.
Совға, текин, беғараз тарзда амалга оширилган ишлар шу битимлар билан тугамайди, унгача ёки ундан кейин, афсуски, катта эҳтимол билан, савол остидаги, манфаатдорлик билан якунланадиган битимлар тузилади ёки тузилган бўлади.